Доку Умаров АҚШ мукофот эълон қилган шахслар рўйхатига киритилган

Image caption Россиядаги қатор ҳужумлар учун Доку Умаров масъулиятни олган

АҚШ ва Россия раҳбарлари маълум қилишларича, Шимолий Қофқоздаги жангарилар етакчиси Доку Умаров учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида мукофот эълон қилинган.

Франциянинг Довил шаҳрида жаҳоннинг йирик саккиз иқтисодиёти ҳисобланган мамлакатлар раҳбарлари "Йирик саккизлик" саммитига йиғилганлар, бу саммит доирасида АҚШ Президенти Барак Обама ва Россия Президенти Дмитрий Медведев қўшма баёнот имзолаганлар.

Ҳужжатга кўра, Америка Қўшма Штатлари Доку Умаров номини Rewards for Justice - "Адолат қарор топиши учун мукофот" деб номланган дастурга киритади ва уни қўлга олиш учун етказилган маълумот учун 5 миллион доллар пул ваъда қилинади.

АҚШнинг Rewards for Justice дастурида беш хил мукофот кўзда тутилган.

Булар 25 миллион, 10 миллион, 5 миллион, 1 миллион ва 500000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофотлар.

Қўшма Штатлар Усама бин Лодин ўлдирилганидан кейин "Ал-Қоида" ташкилотининг раҳбари деб кўрадиган Айман аз-Завоҳирий биринчи гуруҳга киритилган, уни тутишда ёрдам берадиган ахборот учун 25 миллион АҚШ доллари ваъда қилинган.

Иккинчи гуруҳдаги Афғонистондаги Толибон раҳбари Мулло Умар учун 10 миллион долларлик мукофот эълон қилинган.

Чечен жангарилари раҳбари Доку Умаров учинчи гуруҳдаги қидирилаётган шахслар рўйхатига киритилиши маълум қилинган.

2010 йил июнида АҚШ Доку Умаровни халқаро террорчилар рўйхатига киритган.

Россия расмийлари қатор ҳужумларда Доку Умаровни айблашган.

Интернетда пайдо бўлган видеомурожаатларда Доку Умаров 2010 йил 29 мартида Москва метросида содир этилган ва 2011 йил 24 январида Москвадаги Домодедово аэропортидаги портлашлар учун масъулиятни зиммасига олган.