Яманда қақшатқич жанглар юзага келган

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERSAmmar Awad
Image caption Яман президенти истеъфо беришдан бош тортаркан, мамлакатда аксилҳукумат кайфиятлари янада кучайган

Яманда ҳукумат кучлари ва Ҳашид қабиласи жангчилари орасида қақшатқич жанглар кечмоқда. Пойтахт Санаадаги шоҳидларга кўра, ҳатто аҳоли яшайдиган мавзеларда ҳам ракеталар ва автоматлардан ўт очилмоқда.

Ҳашид қабиласи вакиллари пойтахт Санаада бир нечта ҳукумат биноларини қўлга олишгани хабар берилади.

Жанглар туфайли Ямандаги энг йирик ҳаво қўналғаси бир муддат ёпиб ҳам қўйилган. Уч кундан бери давом этатёган тўқнашувлар оқибатида саксондан зиёд инсон нобуд бўлгани айтилади.

Яман президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ эса истеъфога чиқиш борасидаги халқаро талабларни рад этиб келмоқда. Президент ўз истеъфоси ортидан мамлакати инқироз гирдобига ботиб, фуқаролар уруши бошланади, деб огоҳлантирмоқда.

Президент Солиҳ, шунингдек, бирдамлик ҳукумати тузиш учун қудратни топшириш таклифига ҳам рози бўлмаётир.

АҚШ ҳукумати Ямандадаги аксилҳукумат намойишлари ортидан юзага келаётган зўравонлик ва террорчи гуруҳлар таҳдиди туфайли ўз фуқароларига бу мамлакатга бормасликни ва Яман ичкарисидаги америкаликларнинг чиқиб кетишини таклиф қилмоқда.

Айни дамда, Оврўпо бўйлаб сафар қилаётган АҚШ президенти Барак Обама Араб дунёсидаги сўнгги халқ ғалаёнлари манзарасида қандай йўл тутиш ва Миср ҳамда Тунисдаги инқилобий ўзгаришларга қай тахлит муносабат билдириш кераклиги борасида Оврўпо раҳбарлари билан маслаҳатлашмоқчи

Ўтган душанба куни Президент Солиҳ тарафдорлари аксилҳукумат мавқеида бўлган Ҳашид қабиласи раҳбари Шайх Содиқ ал-Аҳмар қароргоҳига қараб юришади. Шу асно ўртада жанглар келиб чиқади.

Шайх Содиқ ал-Аҳмар Ямандаги икки йирик қабила уюшмасидан бирига раҳбарлик қилади. Аҳмарлар оиласи шиа ва улар сўнгги йиллар узоқ йиллик президент Али Абдулло Солиҳнинг истеъфога чиқишини талаб қилиб келишади.

Араб дунёсидаги энг камбағал ва нотинч мамлакатлардан бири бўлмиш Яман бир неча ойдан бери аксилҳукумат намойишларига саҳна бўлиб келмоқда.

Сўнгги 33 йил давомида Яманни бошқариб келаётган Президент Солиҳ эса ҳатто келажакда ўз дахлсизлигини таъминловчи истеъфо шартларини ҳам қабул қилмаган.