Гуржистондаги мухолифат намойишларини халқ нақадар қўллаб-қувватлайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Намойишлар қаттиқ куч билан бостирилди

Гуржистон расмийларига кўра, пойтахт Тбилисида тун оша давом этган норозилик намойишларида икки киши ҳалок бўлган. Унда хавфсизлик кучлари гуржи мустақиллик куни муносабати билан ўтказилиши режаланган ҳарбий парад арафасида мухолифат намойишини тарқатишга уринган ва кўзни ёшлантирувчи газ, ҳамда сув пуркагичларни ишга солган.

Мухолифат тарафдорлари бир неча кундирки Тбилисидаги парламент биноси ташқарисида намойиш қилиб, Президент Михаил Саакашвили истеъфосини талаб этишмоқда.

Би-би-си ўзининг Тбилисидаги мухбири Демиан Макгиннесдан талаблар ҳақида батафсилроқ сўради.

Макгиннес: Асосан икки масала мавжуд. Биринчидан, намойишчилар Президент Михаил Саакашвилини яккаҳокимликда айблашмоқда: уларнинг айтишича, Саакашвили матбуотни ҳам, адлия тизимини ҳам ўз қўлига олиб олган. Лекин, асосий масала бу қашшоқлик. Қашшоқлик бутун мамлакат бўйлаб тарқалган. Мен намойишчилар билан суҳбатлашганимда ҳам улар асосан қашшоқликдан норозиликларини айтишди.

Би-би-си: Намойишчилар орасида жуда кўп ғазаб ва норозилик мавжуд кўринади. Лекин, бу намойишчиларни бутун халқ қўллаб-қувватлаяпти деб айтиш мумкинми?

Макгиннес: Йўқ, ундай эмас. Гап шундаки, Гуржистонда аксарият одамлар нотинчликлардан кўра тинчликни афзал кўрадилар. Гуржи ҳукумати ўз танқидчиларидан жуда кўп ҳужумга учрасада, кўп одамлар Гуржистон бу ҳукумат остида аввалгиларидан кўра анча барқарор бўлганини тан олишади. Жуда кўп инсонлар, айниқса қариялар, молиявий жиҳатдан қаттиқ қийналишаётган эсада, аксар кишилар 90-йилларнинг порахўрликка ботган даврига қайтишни истамайдилар. Бу мухолифатни бошқараётган Нино Бурджанадзенинг ўзи ҳам жуда ишончли шахс деб кўрилмайди. Саакашвили ҳали ҳам катта халқ дастагига эга. Нино Бурджанадзе собиқан парламент спикери бўлиб ишлаган. Ҳозирда баъзилар уни Гуржи ҳукуматини обрўсизлантириш учун Кремль билан ишлашда айблашаяпти. Ҳозир гувоҳи бўлаётганимиз шуки, мухолифат Тбилисига йиғилиб, анча зўравон усулларни қўллашга киришди. Мен борган қатор намойишларда юзлаб ёш эркакларнинг ниқоблар кийиб, қўлларига йўнилган таёқлар ва темир тўқмоқларни кўтариб олишганини кўрдим. Улар курашишга тайёр эканликларни айтишди. Баъзилар бу ёшлар атайлаб полицияни гижгижлаб, шу йўл билан Саакашвили режимини обрўсизлантиришга уринишаётганини айтишмоқда.

Би-би-си: Ҳукуматнинг муносабати қандай бўлаётир?

Макгиннес: Вазият жуда қийин, кеча масалан полиция жуда қаттиққўл усулларни қўллаганига гувоҳ бўлдик. Тун оша икки киши ўлдирилгани айтилади, улардан бири намойишчи, иккинчиси полиция зобити бўлган. 37 одам касалхонага тушган. Улар орасида бир журналист ҳам борлиги айтилади. Полициянинг анча қаттиққўл бўлганига гувоҳ бўлдик, лекин гап шундаки, намойишчиларнинг кўпчилиги тинч намойишчилар эмасди, Улар можаро чиқаришга бел боғлашганди ва полиция шунга жавобан амал қилди. Аммо, полиция тинч қатнашчиларга ҳам қаттиқ муносабат қилди, хусусан журналистларга ҳам. Полицияни энди кўп қоралашмоқда. Лекин, бу вазиятда икки тараф ҳам обрўсизланади: халқаро ноҳукумат ташкилотлар полицияни керагидан ортиқ куч ишлатишда айблашади. Мухолифат хам қаттиқ қораланмоқда, Нино Буржданадзенинг ўзи қисман полиция зобитининг ўлимида айбланмоқда, чунки унинг Джип машинаси бошқарган карвон полициячини урвориб ўлдирган.