Беларусда президентликка икки собиқ номзод узоқ йилга ҳукм этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Номзодлар ўтган йилги президентлик сайловлари ортидан бошланиб кетган оммавий намойишлар чоғида ҳибсга олинишганди

Беларусда маҳкама собиқан президентликка номзодлигини илгари сурган икки кишини узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилган.

Николай Статкевич ва Дмитрий Усс ўтган йил декабрида пойтахт Минскда бўлиб ўтган аксилҳукумат намойишларида иштирок этганлари учун олти ва беш ярим йилга қамалганлар.

Статкевич ва Усс жаноблари Беларусда қамоққа ташланаётган сиёсий мухолифатчиларнинг оҳиргилари бўлишмоқда.

Мухолифатчилар авваллари бу қадар узун қамоқ жазосига ҳукм этилмаганди.

Шу бой бошида яна бир президентликка номзод Андрей Санников беш йилга озоддикдан маҳрум этилди.

Бу номзодлар доҳил 40 киши ўтган йил президентлик сайловлари ортидан чиққан намойишларда қатнашганлари учун жазоланишмоқда.

Мамлакатни узоқ йиллардан бери бошқариб келаётган Президент Александр Лукашенко аксар овозлар билан сайловда ғолиб чиққанди.

Лекин, халқаро кузатувчилар овозлар сохталаштирилганини қайд қилишган.

Жорий ҳафтанинг ўзида Лукашенко декабр намойишлари ортидан қамалганлар озод этилишини айтганди.

Бироқ, Усс ва Статкевичларнинг жазога тортилиши бу баёнотга зид бўлмоқда.

Оврўпо Иттифоқи ва АҚШ Беларусдаги қаттиққўл сиёсий босимлар туфайли мамлакат маъмуриятига қарши жиддий санкцияларни қўллаган.

Беларус айни дамда ўта абгор иқтисодий тангликдан жабр чекмоқда.

Бу ҳафта Беларус Марказий Банки яна бир бор Беларус рублининг қийматини туширди ва бу мамлакат бўйлаб ваҳимага сабаб бўлди.