Афғонистон шимолидаги полиция кучлари қўмондони ҳалок этилди

Генерал Муҳаммад Доуд Доуд ҳужумда нобуд бўлган. 6 инсон орасида бўлган
Image caption Ҳужумда Генерал Муҳаммад Доуд Доуд дохил 6 киши нобуд бўлган

Таҳор вилояти ҳокими идорасида уюштирилган худкушлик ҳужумида Афғонистон шимолидаги полиция кучлари қўмондони Генерал Довуд Довуд ҳалок бўлган.

Генерал Муҳаммад Довуд Довуд ҳужумда нобуд бўлган 6 инсон орасида бўлган.

Толибон ушбу худкушлик амалиётини ўзи амалга оширганини даъво қилган.

Ҳужум икки олмон аскарининг ҳам умрига зомин бўлган ва Афғонистон шимолидаги хорижий кучлари қўмондони Генерал Маркус Кнеип тан жароҳати олган.

Ўтган бир неча ой ичида Афғонистон полиция ва ҳарбийларни нишонга олган қатор ҳужумларга саҳна бўлди.

Расмийларга кўра, ҳодисада Таҳор вилояти ҳокими Абдул Жаббор Тақво ҳам яраланган.

Генерал Довуд Афғонистонда Толибонга қарши кураш олиб борган "Шимолий алянс"нинг собиқ қўмондонларидан эди.

Ҳужумчи полиция кийим-бошида бўлган

Сўнгги ҳужум Афғонистоннинг нисбатан тинч қисмида содир этилган. Талоқанда амалга оширилган ушбу ҳужумдан омон қолган жосуслик хизмати расмийсининг Би-би-сига айтишича, Генерал Довуд бир мажлисдан чиқиб иккинчисига кетаётган бўлган.

Ўша пайт иккинчи йиғин ўтиши керак бўлган бинода йирик портлаш содир бўлган.

"У ер ёнаётганди. Довуд ва Таҳор вилояти полиция хизмати раҳбари ерда ётишарди. Бақир-чақир ва йиғи-сиғини эшитиш мумкин эди. Ҳамма жой ағдар-тўнтар бўлганди", деб айтган у. Жосуслик хизмати расмийларига кўра, аввалроқ Генерал Доуднинг ҳаётига таҳдидлар янгараган ва хавфсизлик ниҳоятда кучайтирилган бўлган.

Аммо, полиция кийим-бошида келган ҳужумчи хавфсизлик назорат нуқталаридан ўтишга муваффақ бўлган.

Генерал Довуд Шимолий Афғонистондаги Ички ишлар вазирлиги қўшинларига бош бўлган. У Толибон жорий йил "баҳорги мавсуми"да бошлаган ҳужумларида ҳалок этилган энг юқори мартабали шахсдир.

Портлашда камида 6 киши ҳаётдан кўз юмган. Улар орасида Генерал Доуд билан бирга вилоят полиция хизмати раҳбари Шоҳ Жаҳон Нурий ҳам бор.

Ҳоким Адбул Жаббор Тақво дохил камида 10 киши тан жароҳати олган.

Дастлабки хабарларда 3 олмон аскари ҳалок этилгани айтилган, бироқ кейинроқ бу рақам 2 дея ўзгартирилди. Уч олмониялик яраланган.