Яман хавфсизлик кучлари Таизда '20 намойишчини ўлдиришган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Яман хавфсизлик кучлари жанубий Таиз шаҳрида камида 20 нафар аксилҳукумат намойишлари иштирокчиларини отиб ўлдиришган.

Бу ҳақда Таиздаги шифокорлар ва ташкилотчилар маълум қилишган.

Айни пайтда гувоҳларга кўра, Яман ҳаво кучлари Зинжибар шаҳри назоратини қўлга киритган жангариларни ҳужумга тутган. Улар "Ал-Қоида" ҳаракатига алоқадор, дея гумон қилинади.

Президент Али Абдулло Солиҳ бир неча ойдан бери давом этаётган норозилик чиқишлари ва асосий қавмнинг кучли қаршилигига қарамай, истеъфога чиқишдан бош тортмоқда. Таиз - Тунис ва Мисрдаги оммавий қўзғолонлардан илҳомланиб кўтарилган илк шаҳарлардан бири.

Шаҳардаги шифокорлардан бири Абдулқодир ал-Ғунаиднинг Би-би-сига айтишича, хавфсизлик кучлари Озодлик майдонида кечган норозилик намойишлари изини бутунлай йўқ қилмоқда.

"Улар ҳужум қилишди, одамларни отишди, чодирларни ёндиришди. Майдонда овоз кучайтиргичлар, нутқ сўзлаш, қўшиқ куйлаш ва театр қўйиш учун нарсалар бор эди. Уларни (намойишчиларни) ўлдиришди ва соат 03:00ларда булдозерларни олиб келишди ва ҳамма нарсани тугатишди. У ерда ҳеч нарса қолмади. Улар майдонни ҳатто тозалашяпти. Шундай экан, ҳеч ким аввал бунга ўхшаш бирон нарса бўлганини тахмин ҳам қилолмайди", деб айтган шифокор.

Фаоллардан бири Бушра ал-Мақтарий ахборот агентликларидан бирига: "Бу қирғин. Улар кўчалардан яраланганларни ҳибсхоналарга судраб кетишди", дейди.

Яна бир манбаънинг даъво қилишича, айрим яраланганлар устидан булдозерлар ўтиб кетган.

Аввалроқ келган хабарларда гувоҳлар ва шифокорлардан иқтибос келтирилган. Уларда айтилишича, хавфсизлик кучлари намойишчиларга ўқотар ва сув пурковчи қуроллар билан ҳужум қилишган ҳамда жамлоқларига ўт қўйишган.

Жамлоқдаги дала шифохонаси раҳбари Содиқ ал-Шуга матбуотга аскарлар оламонни ёппасига нишонга олганини айтган.

Мухолифат коалицияси буни Президент Солиҳнинг "қолган ҳарбий ва хавфсизлик кучлари ҳамда қуроллилари" томонидан амалга оширилган "инсониятга қарши жиноят" сифатида қоралаган.

Мухолифат Яман раҳбари "халққа қарши давом этаётган жиноятлар учун шахсан жавобгар бўлиши" юзасидан огоҳлантирган.

"Бу жиноятлар вақт ўтса ҳам унутилмайди".

"Улар кузатиб борилмоқда ва ҳужжатлаштирилмоқда ва уларни амалга оширганлар, қуроллар ва пул билан таъминлаганлар жавобгарликдан қочиб қутила олмайди", дейилади мухолифат чиқарган баёнотда.