Россия Оврўпо Иттифоқидан сабзавотлар келтиришни таъқиқлади

Испанияда етиштирилган бодиринглар Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Россия Оврўпо Иттифоқи мамлакатларидан барча турдаги сабзавотлар келтиришни таъқиқлади.

Бундай қарорнинг олинишига Олмонияда Е-coli яъни энтерогеморрагик бактериянинг тарқалиши сабаб бўлган.

Россия Бош санитар врачи Геннадий Онишченко, шунингдек, Россиядаги барча бозор ва дўконлардан Оврўпо Иттифоқи мамлакатларида етиштирилган барча турдаги кўкатлар йиғиштириб олинишини маълум қилган.

E-коли бактериясининг бодирингдан тарқалиши оқибатида Олмонияда охирги икки ҳафта ичида 17 инсон ҳалок бўлган ва яна юзлаб инсон шифохоналарга ётқизилган.

Россия Оврўпо Иттифоқидаги деҳқонлар учун энг йирик бозор ҳисобланади.

Оврўпо Иттифоқида етиштирилган мева ва сабзавотларнинг чорагидан кўпроғи Россияга экспорт қилинади.

Россия санитарлари Олмониядан тарқалган E-coli бактериясининг тарқалиш суръатини кузатиб келишмоқда.

Шу ҳафта бошида улар Олмония ва Испанияда етиштирилган барча турдаги мева-сабзавотлар импортини таъқиқлашган эди.

Олмония шифокорлари ҳозирга қадар E-coli бактериясининг тарқалишига нима сабаб бўлганини аниқлай олишгани йўқ.