Хитойлик ўспирин таблет компютери сотиб олиш учун ўз буйрагини сотди

жарроҳлик амалиёти
Image caption Хитойда тана аъзолари олди-сотдиси бўйича қора бозор мавжудлиги ошкор бўлди

Хитой матбуотининг хабар беришича, Apple ширкати томонидан чиқарилган ўта оммабоп iPad-2 русумли таблет компютерини сотиб олиш учун бир ўспирин ўз буйрагини сотган.

17 ёшли Занг Кай маҳаллий телевидениега ўз буйрагини сотишни интернет орқали келишиб олганини айтган.

У iPad-2 таблет компютерига эга бўлишни анчадан буён орзу қилиб юрганини айтган.

Зангнинг маълум қилишича, ноқонуний воситачилар уни шифохонага олиб боришган ва жароҳлик амалиётидан кейин унинг қўлига 4 минг доллар тутқазишган.

Талаба бу пулга iPad-2 ва лаптоп сотиб олганини айтади.

Хитой матбуотига кўра, ушбу воқеа, ўспириннинг онаси ундан шубҳалана бошлагач, ошкор бўлган.

Занг Кай онаси унинг танасидаги чуқур чандиқ ва компютерларни пайқаб қолгач, ўз буйрагини сотганини эътироф этган.

Ушбу ҳодиса Хитойда инсон тана аъзолари олди-сотдиси бўйича қора бозор мавжудлигини кўрсатади.

Хитой ҳукумати 2007-йилда инсон тана аъзолари савдосини таъқиқловчи қонунни тасдиқлаган.