Жаҳон янгиликлари қисқа сатрларда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Яманда минглаб кишилар Президент Али Абдуллоҳ Солиҳнинг Саудия Арабистонига кетганини хурсандчилик билан қарши олганлар. Жаноб Солиҳнинг жума куни қароргоҳига бўлган ҳужумда яраланганидан кейин даволанишга кетгани хабар қилинган. Аксар ёшлар шиорларни айтишиб, байроқларни ҳилпиратиб, байрам қилишган. Лекин отишма ва портлашлар ҳам юз берган. Пойтахт Санодан шимолда ҳарбий қароргоҳга ҳужум оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган, мамлакат жанубидаги Таиз шаҳридаги ҳужумда тўрт Яман аскари, бир ҳужумчи ҳалок бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Президент Солиҳнинг ўринбосари Абдраббуҳ Мансур Ҳади Яманнинг муваққат президенти сифатида фаолият бошлаган, у Американинг Санодаги элчиси билан учрашган. Би-би-си мухбирига кўра, Президент Солиҳнинг мамлакатни буткул тарк этгани тасдиқланадиган бўлса, энди унинг оиласи аъзолари билан қабилалар раҳбарлари ўртасида янги кураш бошланади.

Франция қўшинларининг Шарқий африка бўйича қўмондони Яманда Сомали қароқчилари фаолият бошлашларидан огоҳлантириш билан чиққан.

Исроил қўшинлари Сурия чегарасидан Исроил босиб олган Ғўлон тепаликларига ўтмоқчи бўлган юзлаб фаластинпараст намойишчилар йўлини тўсиш мақсадида ўт очган, бир неча инсонларни кўтариб олиб кетишган, Сурия телевидениеси олти киши отиб ўлдирилгани ҳақида хабар қилган. 5 июн 1967 йилда Исроил Ғўлон тепаликларини ҳам босиб олган олти кунлик уруш бошланган кун.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Португалияда муддатидан олдинги парламент сайловларида овоз берилган. Сайлов ўтказиш қарорини қудратдаги Социалистлар партияси олган, бунга халқаро молия институтларининг Португалия иқтисодини инқироздан олиб чиқиш режаси туртки берган. Сайлов натижасида коалицион ҳукумати тузилиши, сайлов ғолибларининг давлат бюджетидан харажатларни қисқартириш ва солиқларни ошириш каби чораларга қўл уриши талаб этилади.

Покистон шимоли-ғарбидаги Пешовар шаҳри яқинида бомба ҳужуми уюштирилган, полицияга кўра, камида 6 киши ҳалок бўлган.

Афғонистондаги халқаро кучлардан хабар қилишларича, мамлакат шарқидаги Хост вилоятида тикучар ҳалокатга учрагани оқибатида икки аскар ҳалок бўлган. Толибон воизига кўра, улар тикучарни уриб туширганлар. НАТО ҳалокат сабаби ўрганилаётганини маълум қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Юзлаб вьетнамликлар пойтахт Ханой ва Хошимин шаҳрида камдан-кам кузатиладиган аксилхитой намойишида қатнашганлар. Улар Вьетнам тилида қўшиқлар айтишган, "Хитой ишғолини тўхтат!", деган шиорларни кўтариб олганлар. Намойишчилар баҳсли Жанубий Хитой денгизида Хитой ҳарбий кемаларининг патрул хизматини ўташига норозилик билдирганлар.