Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ ватанига қайтадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жума намози пайти қароргоҳига отилган ракетадан жароҳатланиб, даволаниш учун Саудия Арабистонига борган Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳнинг ватанига қайтиш-қайтмаслиги борасида саволлар пайдо бўлган.

Саудия подшоси саройи вакилларига таяниб хабар тарқатган ахборот агентликлари Яман раҳбарининг Ар-Риёдга боргани тасдиқланганини маълум қилганлар.

Хабар қилинишича, Али Абдуллоҳ Солиҳ кўкрагидан яраланган, юзи ҳамда кўкраги куйган.

Гувоҳларга кўра, Ар-Риёддаги аэропортда жаноб Солиҳнинг ўзи учоқдан юриб тушиб келган, унинг юзи, боши ва бўйнидаги жароҳатларини кўриш мумкин бўлган.

Али Абдуллоҳ Солиҳ билан бирга унинг оиласи аъзоларидан айримлари ҳам мамлакатни тарк этишгани хабар қилинган.

Яраланганидан кейин Яман телевидениеси жаноб Солиҳнинг аудиомурожаатини эълон қилган, у ўзининг яхши эканини айтган.

Яманнинг муваққат президентлиги вице-президент Абд-Раббу Мансур Ҳадига ўтган, "Ал-Aрабия" телеканали хабар қилишича, Яман муваққат раҳбари ҳарбийлар ва жаноб Солиҳнинг ўғли иштирокида мажлис ўтказган.

Али Абдуллоҳ Солиҳнинг ўғли Аҳмад Яманнинг Республика гвардиясини бошқаради, икки жияни Аммор ва Яҳё ҳарбий қўмондонлар ҳисобланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жаноб Солиҳнинг мамлакатни тарк этгани ҳақидаги хабар пойтахт Санода хурсандчилик билан кутиб олинган, минглаб одамлар мамлакат байроғи ва шиорларни кўтариб кўчаларга чиққанлар.

Ямандаги сўнгги вазиятга бағишланган фотолавҳани томоша қилинг

Араб дунёсидаги энг камбағал ва нотинч мамлакатлардан бири бўлмиш Яман бир неча ойдан бери аксилҳукумат намойишларига саҳна бўлиб келмоқда.

Сўнгги 33 йил давомида Яманни бошқариб келаётган Президент Солиҳ эса ҳатто келажакда ўз дахлсизлигини таъминловчи истеъфо шартларини ҳам қабул қилмаган.

Охирги икки ҳафта мобайнида қуролланган Ҳашид қабиласи вакиллари ва Яман хавфсизлик кучлари ўртасида пойтахт Санода қақшатқич жанглар кечди.

Жанглар Президент Солиҳ қўшинларининг аксилҳукумат мавқеида бўлган Ҳашид қабиласи раҳбари Шайх Содиқ ал-Аҳмар қароргоҳига қараб юришидан сўнг бошланди.

Шайх Содиқ ал-Аҳмар Ямандаги икки йирик қабила уюшмасидан бири раҳбари, Аҳмарлар оиласи шиа ва улар сўнгги йиллар Али Абдуллоҳ Солиҳнинг истеъфога чиқишини талаб қилиб келишади.