Франция ва Британия БМТ Сурияни қоралаши йўлида босимни орттиришган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Сурия телевидениеси ўлдирилган аскарларни намойиш қилиш билан, Жиср ал Шуғурга қарши ҳарбий амалиётга дастак йиғишга уринмоқда

Британия ва Франция Сурияда бир неча ойдирки давом этаётган норозиликларнинг расмий Дамашқ томонидан бостирилишини БМТ Хавфсизлик Кенгаши қоралаши керак дея босимни орттиришган.

Франция Ташқи Ишлар Вазири Алан Жуппе Сурияда зўравонлик тобора ёмонлашиб борар экан "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жим ўтириши ақлга сиғмайдиган иш" бўлишини айтди.

У, шунингдек, Суриядаги репрессия "ёмонлашиб" бораётгани ва "оммавий қирғин ҳоллари" ошиб бораётганини иддао қилди.

Британия чоршанба куни БМТга Сурия бўйича тузилган резолюция лойиҳасини топшириши кутилади.

Бироқ, Ливиядаги вазиятдан фарқли ўлароқ, бу лойиҳада Дамашққа қарши ҳарбий амалиётлар ёки санкциялар таклиф қилинмайди.

Британия ва Франция резолюция учун кўпроқ дастак йиғиш билан Россия ва Хитой каби давлатларнинг вето эълон қилиш эҳтимолини сиёсий жиҳатдан қийинлаштирмоқчилар.

Россия аллақачон Сурияга қарши резолюцияга мухолиф фикрда эканига ишора қилган.

Йўллар тўсилмоқда

Айни дамда Суриянинг шимолидаги Жиср ал Шуғур шаҳри аҳолиси бугун амалга оширилиши кутилган ҳарбий ҳужумдан қочишга тушганлар. Ҳукумат бу шаҳарда 120 нафар аскар ўлдириб кетилганини даъво қилган.

Кўп одамлар 12 чақирим узоқликдаги Туркия чегарасидан ўтиб олишга уринишмоқда.

Дамашқ бу қотилликларда айбланган "қуролли бандитлар"га қарши "куч билан" амал қилишини айтиб огоҳлантирар экан, Жиср ал Шуғурда қолаётган одамлар шаҳарга кириш йўлларини тўсишни бошлаганлар.

Баъзи фаоллар тошлар, тўнкалар ва ёнаётган шиналардан йўлларга тўсиқлар ясашгани хабар қилинади.

Дам олиш кунларида аскарларнинг ўлдирилиши билан бир вақтда Сурия бўйлаб ўнлаб намойишчилар ҳам нобуд бўлган.