Яман президенти жума ҳужумида ўта қаттиқ жароҳат олгани аниқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Али Абдуллоҳ Солиҳ ҳужум ортидан ҳали телевидение орқали чиқиш қилгани йўқ

Яман Президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ ўтган ҳафта ўз саройига қилинган ракета ҳужумида аввал хабар қилинганидан кўра анча жиддийроқ жароҳатлар олган. Бу ҳақида АҚШ расмийлари матбуотга маълум қилишган.

АҚШ расмийларига кўра, жума кунги ҳужум оқибатида жаноб Солиҳ танасининг 40 фоизи куйиб кетган ва унинг миясида қонаш юз берган.

У ҳозирда Саудий Арабистонида тиббий муолажа олмоқда.

Президент Солиҳга яқин манба Би-би-сига Яман раҳбари кўкраги ва юзидаги иккинчи даражали куйишдан жабр чекаётгани ва юраги остида етти ярим сантимертлик шрапнел тиқилиб қолганини билдирди.

Яманнинг вақтинчлик раҳбари Вице-Президенти Абди Раббу Мансур Хадий жаноб Солий келгуси бир неча кун ичида пойтахт Санага қайтишини билдирганди.

Бироқ, таҳлилчиларнинг айтишларича, жаноб Солиҳ жароҳатларининг нақадар абгорлиги у мамлакатга қачон қайтиши ёки умуман қайтиш-қайтмаслигига катта таъсир қилади.

Яманни 1978 йилдан бери бошқариб келаётган жаноб Солиҳ мамлакатни фуқаролик уруши ёқасига келтирган ва 350дан ошиқ ўлимларга сабаб бўлган нотинчликларга қарамай, президентлик курсисидан кетишни истамаяпти.

Бир неча бор ваъда берганига қарамай, у Саудийлар бошчилигида Кўрфаз Ҳамкорлик Кенгашиги томонидан эришилган ҳукумат алмашинуви режасини қабул қилишдан бош тортиб келмоқда.