Сурия: Туркия тарафга қочаётган сурияликлар сони ортиб бормоқда

Чегара Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ўтган тун бўйича Туркия тарафга мингга яқин киши қочиб ўтган

Сурия шимолида жойлашган Жаср ал-Шуғур шаҳарчасида ҳукумат қўшинлари тарафидан кутилаётган ҳужумлардан қочиб, Туркия чегарасига бош ураётган сурияликлар сони ортиб бормоқда.

Туркия расмийларининг билдиришларича, ўтган тун бўйи 1,000 яқин сурияликлар чегарани кесиб ўтишган. Ҳозир Туркиядаги қочқинлар сони 1,600га етган.

Рим Папаси Бенедикт XVI ва БМТ Сурия ҳукуматини ўз халқига қарши ҳужум қилмасликка ундаган. Аввалроқ, Британия ва Франция БМТга Суриянинг норозиликларни бостириш усули қораланган резолюция лойиҳасини тақдим этишган.

Қонун лойиҳаси Сурия ҳукуматига қарши чораларга изн бермайди. Аммо, унинг қачон овоз қўйилиши маълум эмас. Мухбирлар Россиянинг ушбу масалага муносабати қонун лойиҳаси тақдири мавҳум қолаётганига асосий сабаб эканини айтишади.

Жаср ал-Шуғурда кутилаётган ҳарбий амалиётлар Дамашқнинг 120 нафар хавфсизлик хизмати аъзоси "қуролли тўдалар" тарафидан ўлдирилганига оид даъволарга жавобидир.

Ҳукуматга кўра, маҳаллий одамлар армияни ишга солиб, тинчлик ва осойишталикни қайта тиклашни сўрашмоқда.

Лекин, Жаср ал-Шуғурдаги зўравонликлар намойишчилар тарафига ўтган аскарлар ва тинч аҳолини қирғин қилган ҳукуматга содиқ кучлар ўртасида келиб чиққани айтилади.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, феврал ойида Президент Башар ал-Асад бошқарувига қарши норозилик чиқишлари бошланганидан бери мингдан ортиқ инсон ўлдирилган.

Ҳозир хавфсизлик кучларидан ҳам бир неча юз нафари ҳаётдан кўз юмган кўринади.

Чегаранинг Туркия тарафида бўлган Би-би-си мухбири Оуэн Беннет Жонснинг хабар қилишича, Сурия томонда йўловчилар билан тўлиб тошган юк автомобиллари ҳар 10-15 дақиқада келиб-кетиб туришибди.

Айрим йўловчилар тезгина Туркия тарафга ўтиб олишмоқда. Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған чегарачиларга сурияликларни мамлакатга киритиш буйруғини берган.

Қолган сурияликлар эса, мухбиримизнинг айтишича, Туркияга ўтишга қарор беришдан олдин ҳарбий амалиётлари қай кўламда кечишини кўриш учун далалар ва мевазорлар ичкарисида яшириниб туришибди.

Номини ошкор қилмаган Туркия расмийларидан бири қочиб чиқаётган сурияликлар сони кескин ортаётгани ҳамда улар орасида ўнлаб одамлар ярадор эканини айтган.

Кўплар Яйладаги шаҳарчасида Қизил Хоч ташкил қилган чодирларда бошпана топишган. Алтинозида иккинчи жамлоқни ташкил этиш режаланмоқда.

Аксар қочқинлар мухбиримизга гапиришдан қўрқишган.

Аммо, улардан бири вазият ўта мушкул эканини айтган. Унга кўра, Жаср ал-Шуғур яқинидаги қишлоқда 30 минг нафарча аскар жойлаштирилмоқда. Аммо, унинг қўшимча қилишича, юзлаб аскарлар хизматдан бош тортишган ва улар ҳам Туркия тарафга ўтиш илинжида чегарада тўпланишмоқда.

Яна бир қочқин ҳозир Жаср ал-Шуғурни 13-14та танк ўраб олганини айтган.

Бироқ, қочқинларнинг сўзларини мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсиз қолмоқда.

Аммо, Сурия Ахборот вазирлиги воизи Би-би-си билан суҳбатда Сурия қўшинлари Жаср ал-Шуғур атрофида жойлаштирилаётганини тасдиқлаган.