Чечен қизини ўлдирган собиқ полковник Юрий Буданов Москва марказида отиб ўлдирилган

Image caption Ҳозирча полковник Будановни ким ўлдиргани маълум эмас

Россия армиясининг собиқ полковники Юрий Буданов Москванинг "Комсомольский" хиёбонида номаълум шахс томонидан отиб ўлдирилган.

Россия тергов қўмитасига кўра, номаълум шахс Юрий Буданов бошига тўппончадан ўқ узган ва автомобилда ғойиб бўлган. Полковник ҳодиса жойида жон берган.

Давлат прокурорларининг айтишларича, ҳодиса маҳаллий вақт билан тушга яқин соат 12:30 ларда юз берган.

Қотилларга тегишли Mitsubishi Lancer русумидаги машина бироз кейин ўт қўйилган аҳволда топилган.

Қўмита махсус вакили Владимир Маркиннинг айтишича, қотилларнинг бир нафари - машина ҳайдовчиси славян қиёфасига мос бўлгани аниқланган.

Айни вақтда Россия ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбага кўра, Буданов чечен қизини ўлдиргани учун ундан қасд олингани тахмини ҳам кўриб чиқилмоқда.

Ўз навбатида, рус миллатчилари Юрий Будановнинг ўлдирилгани Россияда яна миллатчилик кайфиятларини кучайтириши мумкинлигини башорат этишмоқда.

Юрий Буданов 2003 йилда 18 ёшли чечен қизи Элза Кунгаевани ўғирлаб, ўлдиргани учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

2008 йилнинг декабрида Ульяновский вилояти суди қарори бўйича Юрий Буданов муддатидан олдин озодликка чиқарилди.

Ушбу қарор Чеченистонда катта норозилик намойишларига сабаб бўлди.

Ўшанда чеченистонликлар Россия раҳбариятидан Буданов бўйича қабул қилинган қарорни бекор этишни талаб қилдилар.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров эса, Будановнинг муддатидан олдин қамоқдан чиқарилганини “Россия армияси ва чечен халқи учун ҳақорат," деб айтди.

Икки чечен уруши даврида амалга оширилган зўравонликлар учун бор-йўғи саноқли ҳарбийлар маҳкамага тортилган Россияда полковник Будановнинг иши катта шов-шувларга сабаб бўлганди.