'Сурия армияси Жиср ал-Шуғур шаҳрида қаттиқ жангларга киришган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи ap

Сурия давлат телевидениеси ва Жиср ал-Шуғур шаҳрида бўлган фаолларнинг хабар қилишича, мамлакат шимоли-ғарбидаги шаҳарга ҳукумат қўшинлари ҳужум бошлаган.

Сурия расмий оммавий ахборот воситаларига кўра, қақшатқич жанглар бўлган, фаолларнинг айтишларича, ҳужумларда танклар ва тикучарлардан фойдаланилган.

Жиср ал-Шуғурда қаттиқ жанглар шу ҳафта бошидан кутилаётган, ҳукумат шаҳардаги қуролли жангарилар 120 аскар ва полициячини ўлдиргани ҳақида хабар тарқатган эди.

Жанглар бўлишини кутган жиср ал-шуғурликлар шаҳарни тарк этишни бир неча кун олдин бошлашган, аксар суриялик қочқинлар Туркия ҳудудидан бошпана топганлар.

Жиср ал-Шуғурдаги фаолларнинг маълум қилишларича, Сурия армияси ҳужумлари якшанба тонгида танк ва замбараклардан бомбардимонлар билан бошланган.

Сўнг 200 тача ҳарбий автомобиллар шаҳарга шарқ ва жанубдан кириб боришган.

Фаоллар шаҳар осмонида қирувчи тикучарлар айланиб юрганини айтадилар.

Сурия телевидениеси хабарига кўра, армия қўшинлари ўзларининг йўлларида ўрнатилган бомбалар, кўприклардаги миналарни зарарсизлантирганларидан кейин Жиср ал-Шуғур шаҳрининг ичига кириб борганлар.

Қуролланган шахслар шаҳар атрофи ва ичкарисида олдиндан тайёргарлик кўриб, окоплар қазиб олганлар, ҳукумат қўшинларига қаттиқ қаршилик кўрсатдилар, дейилади

Телевидение хабарига кўра, камида икки қуролли ўлдирилган, бошқалар қўлга олинган, кўп сондаги қурол-яроғ қўлга киритилган.

Жума куни тонгидан бошлаб ҳукумат қўшинлари Жиср ал-Шуғур атрофидаги қишлоқлар томон, қишлоқлар оралаб шаҳарга томон ҳаракатланишни бошлаганди.

Суриядан олинган айрим хабарларда қишлоқлардаги уйлар булдозерлар билан бузиб ташлангани, маккажўхоризорларга ўт қўйилгани айтилади.

Тинч аҳолининг аксари яшаб турган жойларини ташлаб кетганлар, Сурия-Туркия чегарасидан ошиб ўтганлар.

Сурия расмийлари хорижий журналистларнинг мамлакатга киришига рухсат беришмаган, давлат оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Ҳукумат қўшинлари билан бирга ҳаракатланишга рухсат этилган ягона Ассошиэйтед Пресс мухбири "қуроллилар" ҳибсга олингани, шаҳар шифохонасида икки жасадни кўрганини айтган.

Сурия расмийлари Туркияга 4300 тинч фуқаро қочқин сифатида ўтгани ҳақида хабар берган, бироқ икки мамлакат чегарасида бўлган Би-би-си мухбирининг айтишича, суриялик қочқинлар сони расмийлар келтирган рақамдан анча кўп бўлиши мумкин.

Туркия ҳудудида қочқинлар учун ташкил этилган икки жамлоқ тўлган, учинчисида ҳам одамлар сони тезлик билан кўпаймоқда.