Чечен қизнинг қотили ҳарбий ҳурмат-эҳтиром билан кўмилди

Image caption Унвонидан жудо қилинган собиқ полковник нима учун ҳарбий шараф билан кўмилгани ҳозирча ноаниқ

Подмосковьедаги Химки туманида чечен ўсмир қизини ўғирлаши ва ўлдириши ортидан қамоқ жазосини ўтаган собиқ полковник Юрий Будановнинг дафн маросими бўлиб ўтган.

Би-би-сининг маросимни кузатган мухбирига кўра, Буданов Новолужинский қабристонида генераллар ва полковникларга кўрсатиладиган ҳарбий ҳурмат-эҳтиром билан дафн этилди.

Унинг қабри устида тўрт фахрий қоровул турган, жасад ётқизилган тобут гўрга туширилаётганда автомат қуролларидан ҳавога ўқ отилган.

Маросим чоғида фахрий қоровуллар мотам лентаси осилган Россия давлат байроғини пастлатишган.

Россияда Россия Куни нишонланаётгани туфайли Мудофаа вазирлигидан расмий шарх олишнинг имкони бўлмади.

Мухбиримизга кўра, қабристонга журналистларни фақат ёзувчи жиҳозларсиз киритишган.

Дафн маросимига бир неча юз одам келган. Улардан баъзилари миллатчи рамзлар туширилган футболкаларни кийиб олганлар.

Буданов 2003 йилда 18 ёшли чечен қизи Элза Кунгаевани ўлдиргани учун 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилганди.

У икки йил давом этган айни маҳкамада полковник унвони ва барча мукофотларидан жудо қилинган.

Ўтган жума куни Будановни Москвадаги нотариал идора яқинида номаълум кишилар отиб ўлдиришган.

У 2009 йилда муддатидан аввал озод этилганди.

Буданов қўлида нобуд бўлган қизнинг отаси Виса Кунгаев бугунда Норвегияда истиқомат қилади.

У ўз қизининг қотиллиги учун Буданов қасддан ўлдирилганига ишонмайди.

"Йўқ, менинг қизимнинг қотиллигига алоқаси йўқ. Бошқа одамлар менинг қизим учун ўч олмайди", деб айтди Виса Кунгаев.

Айни дамда Москвада хавфсизлик кучлари миллатчилар томонидан тартибсизликлар уюштирилиши хавфи туфайли ҳушёр ҳолатга келтирилганлар.