Алишер Усмонов "Арсенал" жамоасидаги аҳволдан норози

Image caption Алишер Усмонов "Арсенал"га кўпроқ сармоя киритишга чақирган

"Арсенал" ҳиссадорларидан Алишер Усмонов жамоанинг Англия премьер лигасидаги муваффақиятсизликлари учун клубнинг директорлар кенгашини айблаган.

Британияда чиқадиган News of the World рўзномасига берган интервюсида асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов "Арсенал"нинг директорлар кенгаши аъзолари кўпроқ ўз манфаатларини ҳимоя қилиш билан овора эканини айтган.

Жаноб Усмонов бу каби директорлар кенгашига аъзо бўлиш нияти йўқлигини билдирган.

"Арсенал"нинг қарийб 30 фоиз ҳиссаларига эга бўлишига қарамай, 57 ёшли Алишер Усмонов клубнинг бошқарув кенгашига аъзо эмас.

"Агар директорлар кенгаши аъзосининг вазифаси чипталар нархини доимий ошириб бориш орқали ўз даромадини орттириш ва жамоанинг йилдан-йилга совринсиз қолаётганини жим кузатиб туриш бўлса, мен бундай кенгашда иштирок этмайман", деб айтган жаноб Усмонов.

У агар директорлар кенгаши клубнинг мувваффақиятлари учун тер тўкса, хусусий сармояларни ошириб, ишқибозларнинг кенгашдаги ролини оширгани тақдирдагина унга аъзо бўлиши мумкинлигини айтган.

Лондоннинг "Арсенал" жамоаси Англия премьер лигасининг ўтган олти мавсумида биронта ҳам йирик совринни қўлга киритмаган.

Сармоялар

Британиянинг энг бой одамлари рўйхатида бу йил иккинчи ўринни эгаллаган Алишер Усмонов ҳиссадорларни "Арсенал"га кўпроқ сармоя киритишга чақирмоқда.

Унга кўра, клубнинг асосий ҳомийлик шартномалари келаётган икки йилда ниҳоясига етади.

Уларнинг муддатини узайтириш учун клуб доимий равишда ғалаба совринларни қўлга киритиши керак бўлади.

Бу эса салмоқли сармояларни тақозо этади.

"Эртага ғалаба қозониш учун бугун пул тикиш керак. Бу бизнеснинг оддий мантиғи" деб айтган жаноб Усмонов.

У клубнинг директорлар кенгашидаги одамлар ўзи каби ўйлаётганига шубҳа қилишини айтган.

"Афтидан, жамоанинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ўринларни эгаллаётгани уларни қониқтиради", деган Алишер Усмонов.

У "Арсенал"нинг кучли марказий ярим ҳимоячиларга эҳтиёжи борлигини айтган.

Аввалроқ "Арсенал"нинг Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедовга қизиқиш билдираётгани хабар қилинганди.

Британия матбуотидаги хабарларга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги Осиё Кубогидаги муваффақиятли ўйинлари инглиз клубининг Одил Аҳмедовга қизиқишига сабаб бўлган.

Ўз вақтида "Пахтакор" клубининг сардори бўлган Одил Аҳмедов ҳозир Махачқалъанинг "Анжи" клубида тўп суради.