"Дамашқлик гей қиз" муаллифи америкалик эркак бўлиб чиқди

Image caption Аминанинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар ортидан интернетда унинг озод этилиши йўлида кампания бошланди

Америкалик эркак талаба нима учун ўзини суриялик феминист қиз Амина Абдуллоҳ Арраф ал Умарий дея тақдим этиб интернетда блог юритганини изоҳлаб берган.

"Дамашлик гей қиз" номли интернет-кундаликда Президент Башар ал Ассад ҳукумати томонидан бостирилаётган сиёсий нотинчликлар ичра яшаш нақадар қийин экани ҳақида ҳикоя қилинган.

Бироқ, Сурияда Амина исмли қизнинг ҳибсга олингани хабар қилиниши ортидан америкалик талаба Том Макмастер блог муаллифи ўзи эканини фош қилган ва кечирим сўраган.

Феврал ойидан бери юритилиб келаётган 35 ёшли лесбиан қиз Аминанинг блогини жаҳон бўйлаб минглаб одамлар ўқишни бошлаганди.

Суриядаги хорижий матбуот журналистларининг мамлакатдан қувилиши туфайли кўплар хабарлар учун Сурия ичидаги блоггерлар ва ҳуқуқ фаоллари хабарларига таяниб қолишганди.

"Амина"нинг блоги айнан шундай сайтлардан эди. У нафақат Сурия президентини қаттиқ танқид қилгани, балки гўёки Дамашқда яшаётган лесбиан фаол экани билан кўпларни қизиқтириб қўйди.

Бироқ, Аминани ҳеч ким ҳеч қачон учратмаган ёки у билан сўзлашиб кўрмаган. Унинг блогидаги сурат эса Лондонда яшовчи қизнинг интернетда ўғирланган сурати бўлиб чиқди.

Бир ҳафта аввал бу блогда Аминанинг ўзи ҳукумат агентлари томонидан ҳибсга олингани ҳақида хабар пайдо бўлар экан, жаҳон бўйлаб унинг мухлислари ғазабландилар.

Бунинг ортидан Том Макмастер блогни Сурияда яшаётган қандайдир Амина эмас, балки ўзи Шотландияда ўтириб ёзаётгани ҳақида блогда эълон қилди.

Бироқ, у Би-би-си билан суҳбатда барча чоп қилган маълумоти фактларга асослангани, ва Яқин Шарқ бўйича мутахассис сифатида Суриянинг ичидаги жуда кўп манбалардан хабарлар олиб туришини билдирди.

Айни дамда, баъзи таҳлилчилар бу каби ёлғон сайтнинг ошкор этилиши Сурия ҳукуматининг матбуотга қарши ҳужумлари асосли деган нотўғри ишоралар беришидан хавотирдалар.

Суриянинг ўзида эса гей ҳуқуқлари фаоллари ғазабда. GayMiddleEast dot com веб саҳифаси муҳаррири Сами Ҳамвий "Уят сенга. Сени деб жуда кўп одамлар шикаст еди, ва бизнинг фаолиятимиз хавф остида қолди" деб ёзган.