Жаҳон янгиликлари қисқа сатрларда

Хитой ва Марказий Осиёнинг 4 мамлакати Россиянинг Оврўпода ракетага қарши тизим ўрнатиш ҳақидаги Қўшма Штатларга мухолиф мавқеини қўллаб-қувватлаганлар. Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Қозоғистондаги саммитида имзоланган декларацияда айтилишича, бир томонлама аксилракета тизимини барпо этиш стратегик барқарорликка таҳдид солади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Юнонинстон парламенти қаршисида ҳукуматнинг қаттиқ чораларига қарши тўпланган минглаб норозилик намойишчилари билан хавфсизлик кучлари ўртасида муштлашув келиб чиққан. Намойишчилар тош отганлар, оламонга қарши полиция кўздан ёш сиздирадиган газ қўллаган. Мамлакатда умумий иш ташлаш эълон қилинган, жамоат хизматлари издан чиққан.

Афғонистон хотин-қизлар учун дунёдаги энг хавфли жой деб эълон қилинган. Халқаро тадқиқот хулосаларига кўра, зўравонликлар даражаси жуда баландлиги, тиббиёт тизими ночор экани ва қашшоқлик барчаси қўшилиб, Афғонистондаги аёллар ҳаёти учун энг ёмон шароитни барпо этган.

Покистон расмийларига кўра, Американинг Марказий Жосуслик Хизматига Усама бин Лодин ҳақида маълумот берганликда гумон этилган бир неча киши ҳибсга олинган. Покистон армияси сўзчисига кўра, Марказий Жосуслик Хизмати маълумотчиси деб кўрилганларнинг аксари ҳарбий шаҳарча Абботтабодда қўлга олинганлар. Ўтган ой Америка махсус кучлари уюштирган рейдда Усама бин Лодин Абботтабоддаги яшириниб юрган ҳовлисида ўлдирилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сурия ўзининг фуқароларини Жиср ал-Шуғур шаҳрига қайтишга чақириқ билан чиққан, уч кундан буён Сурия армияси шаҳарни назорат қилмоқда. Расмийларга кўра, Жиср ал-Шуғурда ҳаёт ўз маромига қайтаяпти, аммо армия шаҳар атрофидаги адирликларда жангариларни қидираётгани хабар қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Пойтахт Дамашқда ҳукумат тарафдорлари Президент Асаднинг суратларини кўтариб намойишга чиққанлар. Шунингдек, шаҳарнинг энг асосий кўчаси бўйлаб Суриянинг 2 километрга чўзилган байроғини олиб ўтилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Хитойнинг тўрт вилояти расмийларини болалар орасидаги заҳарланиш ортиб бораётганини яширишда айбланмоқдалар. Уларнинг бу амаллари хаста болаларни текшириш ва даволашга халақит бермоқда. Америкадаги Ҳюман Райтс Вотч гуруҳига кўра, ҳавоси жуда ифлосланган саноат ҳудудларининг расмийлари шикоят қилаётган оддий аҳолига босимлар ўтказаяпти.

Британия ҳукумати банк фаолиятига доир ўзгартиришларни эълон этиши кутилмоқда. Натижада солиқ тўловчи банк олдидаги мажбуриятини бажара олмаса, унга нисбатан кескин чоралар кўрилмайди. Банклардан таваккалчилик операцияларини муҳофазага олиш талаб этилмоқда.