Медведев: 'Россия энди давлат капитализми барпо этмайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Санк-Петербургда ўтган иқтисодий форумда сўзлаган Президент Дмитрий Медведев Россия бундан буёғи давлат капитализми томон бормаслигини айтган ва энди бу йўл мамлакат тараққиётига хавф солишидан огоҳлантирган.

Медведев жанобларига кўра, бир неча йил асносида Россия иқтисодий ҳаётида ҳукуматнинг таъсири кучайтирилди. Бу 1990-йиллардан кейинги тартибсизликлардан чиқиб олиш учун муҳим бўлган, аммо энди, Президентнинг айтишича, бу сиёсат ўзгариши керак.

"Шуни аниқ-равшан қилиб айтмоқчиманки: биз энди давлат капитализми барпо этмаймиз. Ҳа, бизда ҳукуматнинг иқтисоддаги ролини кучайтириш билан боғлиқ ривожланиш босқичи кечди. Бундан қочиб қутилиб бўлмасди ва кўп жиҳатдан бу жараён зарур эди, - деб айтган Медведев жаноблари.

Россия раҳбарига кўра, энди иқтисодда давлат ролини кучайтириш сиёсати ниҳоя топди.

"Замонавий дунёда мамлакатни, айниқса Россияга ўхшашини бир жойдан бошқариш имконсиз. Агар Кремлнинг изнисиз бир иш қилиб бўлмас экан, демак бу, ўз тажрибамдан билганимдек, муваффақиятсизлик. Бу ёмон ва айни тизим ўзгариши шарт", дейди Дмитрий Медведев.

Президент Медведев хорижий сармоялар йўлидаги тўсиқлар ҳам камайтирилишини ҳам ваъда қилди.

"Мени танловим қуйидагича: Россия иқтисодиётида хусусий сармоядорлар ва ишбилармонлар сони кўпчиликни ташкил этиши лозим", деб айтди Дмитрий Медведев.

Ўз нутқида Медведев жаноблари Владимир Путиннинг обрўсини кўтарган барқарорлик мамлакат учун яна бир турғунлик даврига етаклаши эҳтимолидан огоҳлантирди.

"Биздаги шов-шувли барқарорлик ортида навбатдаги турғунлик яширинган бўлиши мумкин. Шу боис кескин ривожланишга тўсиқ бўлаётган барча нарса тезроқ ва фаолроқ алмаштирилиши лозим", деди Дмитрий Медведев.

Би-би-си мухбирига кўра, келаси баҳорда президентлик сайловлари кутиларкан, ҳозир Россия муҳим паллада дейиш мумкин.

Унинг айтишича, Медведевнинг изоҳларига ҳозирги Бош вазир, ўша пайтда президент бўлган Владимир Путиннинг қўли остида ривожланган тизимга танқид сифатида қаралмоқда.

"Санк-Петербург халқаро иқтисодий форуми мамлакатдаги ўта муҳим саҳна бўлиб, Президент Медведев ўз тасаввуридаги Россия келажагини тасвирлаш учун айнан шу ерни танлади", дейди Би-би-си мухбири.

Бир йилда бир марта ўтказиладиган Санк-Петербург халқаро иқтисодий форуми Россияга хорижий сармоя киритиш ва бизнес юритиш имкониятлари афзаллигига чет эллик ишбилармонларни ишонтиришга қаратилгани айтилади.

Расмий ҳисоб китобларга кўра, бугунда келаётган хорижий сармоялар ҳажми Россия ялпи ички маҳсулотининг 20% ташкил этади. Ушбу кўрсаткич бўйича Россия қўшни малакатлар, жумладан, Хитойдан анча орқада туради.

Айни пайтда Россиядан сармояларнинг чет элга оқиб кетиш жараёни тўхтамаган.

Россия Марказий банки ҳисоботига кўра 2011 йилнинг биринчи чораги давомида Россиядан 21 миллиард доллар сармоя чиқарилган.