Жаҳон янгиликлари қисқа сатрларда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Юнонистонга қарз берган хориж давлатлари талаб қилган бюджет ҳаражатларини қисқартириш сиёсатига қўлловни кенгайтириш мақсадида янги ҳукумат таркиби эълон қилиниб, янги молия вазири тайинланди. Ҳукумат таркибидаги ўзгаришлар мамлакат бўйлаб кенг миқёс олган норозилик намойишлари ва қудратдаги Социалистлар партияси аъзолари орасидаги келишмовчиликлар ортидан рўй бермоқда. Янги ҳукумат таркибини келгуси сешанба куни парламент тасдиқдан ўтказиши керак бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Евро ҳудудидаги икки йирик давлат Олмония ва Франса раҳбарлари Юнонистон иқтисодини қутқариш учун ёрдам пакетининг тез орада маъқулланишини хоҳлашлари ҳақида билдирдилар. Франса президенти Саркози кутиш учун умуман вақт йўқлигини айтди. Олмония канцлери Ангела Меркел Оврўпо Иттифоқининг келгуси саммитида Юнонистон муаммосига зудлик билан ечим топиш масаласи кўриб чиқилишини билдирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи hu jintao

Хитой ҳукумати қарзлар гирдобидан чиқишга уринаётган Оврўпо мамллакатлари муаммосини ўта муҳим, дея таърифлади. Бу таъриф Хитой Президентининг Россиядаги халқаро иқтисодий иқтисодий форумда қатнашаётган вақти янгради. Форумда сўзга чиққан Россия президенти Дмитрий Медведев мамлакат турғунликка юз тутмаслиги учун иқтисодда давлат ролини камайтириб, соҳани замонавийлаштириш лозимлигини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хитойнинг Марказий ва Жанубий ҳудудларида рўй берган кучли ёғингарчилик туфайли юз минглаб аҳоли уйларидан эвакуация қилинди. Ҳукумат ушбу минтақаларда рўй берган тошқинни 1955 йилдан бери энг кучлиси, дея таърифлади. Ҳудудда юқори даражадаги фавқуллода ҳолат эълон қилиниб, қуролли кучлар қутқариш ишларига жалб этилмоқда. Шу ойнинг ўзида табиий офат туфайли 170 га яқин киши ҳалок бўлган ёда бедарак кетгани маълум қилинди. Давлат матбуотининг хабар беришича, тошқинларнинг олдини олиш учун қурилган икки тўғон бузилиб, 20 дан ортиқ шаҳар ва қишлоқлар сув остида қолган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Саудия Арабистонида аёлларнинг машина ҳайдашлари таъқиқига қарши кампания бошланди. Интернетдаги ижтимоиий тармоқлар орқали тарқатилган хабарларга кўра, бу қонунга қарши чиқиш даъватларига қатор аёллар қўшилиб, машина ҳайдаб кўчага чиқдилар. Ушбу кампания ўзининг машина ҳайдаб кетаётганлиги туширилган видеотасвирни интернетда чоп қилган аёлнинг ўтган ойда ҳибсга олиниши ортидан бошланганди. Машина ҳайдаш таъқиқи Исломнинг қатъий талқини кўрсатамлари асосида ишлаб чиқилган қонунлар жорий этилган Саудия Арабистонидаги аёлларга нисбатан чекловлардан биридир.