Сурия инқирози: Танклар шимолий шаҳарлар томон боришмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сурия қўшинлари танклар, зирҳли автоуловлар ва автобусларда мамлакат шимолида жойлашган икки шаҳарча томон боришмоқда.

Хавфсизлик кучлари Дамашқ ва Алеппо ўртасидаги Хон Шейхун ва Марат ал Нумонда тўпланишаётгани хабар қилинади.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Сурияни қон тўкишни тўхтатиш ва "халқни ўлдиришни бас қилиш"га ундаган.

БМТга кўра, ўтган уч ойдан бери Сурия ҳукумати норозилик намойишларини куч билан бостириши жараёнида камида 1,100 инсон нобуд бўлган.

Сурия инсон ҳуқуқлари фаоллари Сурияда нобуд бўлганлари сони 1,297 нафар эканини айтишади. Аммо, Сурия ҳукумати хорижий журналистлар, жумладан, Би-би-си мухбирларини ҳам мамлакатга қўймаган ва у ердан келаётган хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконсиз қолмоқда.

Айни пайтда Оврўпо ҳукуматлари Сурия ҳукуматига қарши резолюция лойиҳаси учун кампания олиб боришмоқда. Аммо, улар бу ишда Россия ва Хитойнинг қаршилигига дуч келишади. Икки мамлакат ҳам Президент Асадга қарши ҳар қандай БМТ қарорига вето қўйиш ҳуқуқига эга.

Президентнинг яқини ўз бизнесидан воч кечмоқда

Давлат телевидениеси пайшанба куни кечда Президент Башар ал-Асаднинг қариндоши Роми Махлуф ўз бизнесидан воз кечаётгани ва ўз даромадларини хайрияга бераётганини айтган.

Телевидениега кўра, маблағлар мамлакат иқтисодини дастаклаш ва иш ўринлари яратишга сарфланади. Шу билан бирга у шахсий манфаат келтирадиган бирон бир янги лойиҳага аралашмаслиги айтилган.

Президент Асаднинг холаваччаси Рами Махлуф Сурия иқтисодидаги энг қудратли шахс саналади.

У давомли равишда коррупция ва таниш-билишчиликда айблаб келинган ва Сурияда норозилик чиқишлари иштирокчилари айнан унинг бизнеси нишонга олишган.

Босим ортиб бормоқда

Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Муйрнинг хабар қилишича, Сурия элитасига тегишли бўлган жаноб Махлуф каби қудратли шахснинг ўз бизнесидан воз кечиши ҳақида эълон қилиши тузум катта босим остида эканини англаётгани аломатидир.

Махлуф жаноблари Оврўпо Иттифоқи жазо чоралари эълон қилинган Сурия расмийларидан бири бўлиб, унинг ҳам банк ҳисоблари музлатилган ва саёҳат қилишига чекловлар киритилган.

Президент Асад оиласининг 40 йиллик ҳукумронлиги йирик таҳдидга юз тутмоқда. Мамлакат жанубидан бошланган нотинчликлар ҳозир Туркия чегараси яқинидаги шимолий минтақаларни қамраб олмоқда ва шарққа - Ироқ билан чегараси томон ёйилиш хавфи бор.

Давлат телевизиони қўшинлар Дамашқ ва Алеппо ўртасида асосий йўл бўйидаги Марат ал-Нумон шаҳарчаси тарафга кетаётгани акс этган тасвирларни намойиш этган.

Шаҳарча жануби-шарқий Жиср ал-Шуғур шаҳарчасидан 40 чақиримча узоқда жойлашган.

Давлат телевизионига кўра, жануб тарафда жойлашган Хон Шейхунга ҳам армия кучлари йўлланган. Улар "қуролли террорчи ташкилотлар" шоҳйўлни узиб қўйишларига йўл қўймаслик учун боришмоқда.

Расмийлар Марат ал-Нумонда хавфсизликни қайта тиклаш учун "чекланган кўламли ҳарбий амалиётлар"ни режалашмоқда. Сурия Инсон Ҳуқуқлари Кузатув идорасига кўра, қўшинлар яқинлашган сари шаҳарчани минглаб одамлар ташлаб чиқишмоқда.

Шоҳидларнинг Би-би-си Араб Хизматига айтишларича, шаҳарчадаги 90, 000 аҳолидан 7 мингга яқини бош олиб кетган.

Айни вақтда, хабарларга кўра, Туркия расмийлари Сурия билан чегаранинг нариги тарафида қолиб кетган минглаб одамларга озиқ-овқат, тоза ичимлик суви, дори-дармон ва бошқа зарурий кўмаклар етказишга ҳозирлик кўришмоқда.

Мазкур режа Ташқи Ишлар Вазири Аҳмед Довутўғли тарафидан эълон қилинган. Бундан олдин у Президент Асад йўллаган вакил билан музокаралар олиб борган.

"Биз эҳтиёт чораларини кўрмоқдамиз ва чегаранинг Сурия тарафидаги 10 мингга яқин одам инсонпарварлик ёрдами билан таъминланади", деб айтган Аҳмед Довутўғли.