Сўнгги янгиланиш 19 июн 2011 - 15:00 GMT

Россиялик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Боннэр оламдан ўтди

Қўшма Штатларда россиялик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Боннэр узоқ давом этган касалликдан сўнг ҳаётдан кўз юмган.

У ядро физикаси бўйича олим, Нобел мукофоти совриндори ва инсон ҳуқуқлари фаоли Андрей Сахаровнинг рафиқаси эди.

Боннэр хонимнинг қизига иқтибосан хабар қилинишича, у 88 ёшида 18 июн куни оламдан ўтган ва Москвада дафн этилиши кутилмоқда.

Елена Боннэр 1923 йил 15 февралда ўша пайтдаги Туркистон Мухтор республикаси, ҳозирги Туркманистон ҳудудидаги Мари (Мевр) шаҳрида таваллуд топганди.

Унинг отаси Коммунистик партияда юқори мартабали расмий бўлган. Аммо, у 1937 йил Сталин кўрсатмаси асосида бошланган "Давлат ва коммунистик партия идораларини халқ душманлари ва миллатчилардан тозалаш" жараёнида қатл қилинган.

Елена Боннэрнинг онаси эса, 8 йиллик умрини Гулагда ўтказади.

Боннэр хоним 1960 йилларда инсон ҳуқуқлари фаолига айланган ва Москва Хелсинки гуруҳига асос солганлардан бири бўлган.

У жуда тезлик билан Совет Иттифоқидаги етакчи инсон ҳуқуқлари фаоли ва диссидентлар ҳаракати аъзоси сифатида танилади.

У ядро физикаси бўйича олим, Нобел мукофоти совриндори ва инсон ҳуқуқлари фаоли Андрей Сахаровнинг беваси эди

У ядро физикаси бўйича олим, Нобел мукофоти совриндори ва инсон ҳуқуқлари фаоли Андрей Сахаровнинг беваси эди

Елена Боннэр 1972 йил академик ва диссидент Андрей Сахаровга турмушга чиқади. Совет тоталитар тузумининг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган Андрей Сахаров Горький шаҳрига сургун қилинган пайт Боннэр унинг ёзганларини ташқарига олиб чиқишга ва Москвага етказишга муваффақ бўлади.

1975 йил Сахаров Нобел мукофоти билан тақдирланади. Аммо, унинг Ослога сафар қилишига рухсат берилмас экан, тантанали маросимда Боннэр хонимнинг ўзи иштирок этади ва эрининг номидан мукофотни қабул қилиб олади.

У ҳам 1984 йилда аксилшўро тарғиботлари учун ҳибсга олинган ва Горький шаҳрига сургун қилинган. Аммо, кейинроқ АҚШга сафар қилишига рухсат берилади. 1989 йил Андрей Сахаров ҳаётдан кўз юмади.

Эрининг ўлими ва СССР парчаланганидан сўнг ҳам Елена Боннэр инсон ҳуқуқлари бўйича фаолиятига содиқ қолади.

Россия қўшинларининг Чеченистонга киритилиши ортидан у Борис Елциннинг ашаддий танқидчиларидан бирига айланган. Елена Боннэр ўтган йил Владимир Путиннинг истеъфоси талаб қилинган интернетдаги петицияга имзо қўйган илк таниқли шахсиятлардан бўлган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.