Ливия расмийлари: 'НАТО ҳужумида етти киши нобуд бўлди'

Ҳодиса жойи
Image caption Ливия расмийларига кўра, НАТО ҳужумлари туфайли аҳоли уйлари вайрон бўлган

Ливия расмийлари пойтахт Триполида НАТО ҳаво ҳужумлари туфайли икки ёш гўдак дохил 7 инсон нобуд бўлганини айтишган.

Расмийларнинг даъво қилишларича, ҳаво ҳужуми туфайли Сўғ ал-Жума мавзесидаги 3 қаватли турар-жой биносига қаттиқ зиён етган.

Кейинроқ мухбирларга Триполи шифохонасида 5 инсоннинг жасадлари кўрсатилган.

НАТО ҳодиса юзасидан текширув ўтказмоқда. Ғарб кучлари аввалги ҳужумларда тинч аҳоли истиқомад қиладиган ҳудудларга янглиш равишда зиён етказилганини тан олгандилар.

"НАТО ўтган тун Триполида фаолиятда эди", деб айтган НАТО расмийси Би-би-сига гапираркан.

"Мазкур ҳудудлар Қаддофий тузуми тарафидан аҳоли яшайдиган ҳудудлар дея даъво қилиниши мумкин, аммо ўтмишда бошқарув ва назорат маркази сифатида фойдаланилган", дейди у.

"Биз ушбу кампания жараёнида аниқ нишонга урадиган ҳарбий қуроллардан фойдаланиш билан тинч аҳолининг орасида қурбонлар берилишини олдини олиш йўлида қаттиқ ишладик. Илтимос, ўтган бир неча ойги рекордимизга назар ташланг", дея қўшимча қилади НАТО расмийси. Нобуд бўлганлар барчаси бир оила аъзоларими?

Триполидаги Би-би-си мухбири Жереми Бовенга кўра, агар фожеа НАТО ҳужумлари туфайли содир бўлган бўлса, бу иттифоқнинг Ливияга қаратилган ҳарбий амалиётлари борасида янада кўпроқ саволларни ўртага чиқаради.

Ливия ҳукумати расмийлари мухбиримизни ҳодиса жойига, кейинроқ Триполи шифохонасига олиб боришган. Улар шифохонада бир аёл, эркак ва бир гўдакнинг жасадларини кўрсатишган. Расмийлар уларни НАТО ҳаво ҳужумлари туфайли нобуд бўлган бир оила аъзолари эканини айтишган.

Шу билан бирга Би-би-си мухбири яна бир киши ва ёш боланинг жасадларини ҳам кўрган.

Жасадлардан бири Сўғ ал-Жума мавзесидаги шикаст етган уй вайроналари тагидан тортиб олинган, бошқаси тез ёрдам машинасига ортилаётган бўлган.

Ливия расмийлари якшанба кунги ҳужум ярим тундан оққанда шаҳарнинг қашшоқроқ маҳаллаларидан бири амалга оширилганини айтишган.

Тез ёрдам хизмати ходимлари билан бирга қатор одамлар вайроналар ортидан яна бошқа жасадларни излашаётгани айтилади.

Маҳаллий одамларга кўра, ҳодисада бутунбошли бир оила нобуд бўлган. Бироқ, мухбиримиз бу даъволарни зудлик билан мустақил манбалардан тасдиқлата олмаган.

'Адоват уруғи'

Етказилган зиён кўламидан атрофда ҳаво ҳужумларидан кейинги манзарани кўриш мумкин бўлган. Мухбиримиз кўчаларда портлаш туфайли бетон парчалари сочилиб ётгани, бу ҳукуматнинг кўзбўямачилигига ўхшамаслигини айтади.

Мазкур ҳудуд ҳарбий ҳаво кучларига тегишли биноларга жуда яқин жойлашган ва у НАТО тарафидан тез-тез ҳужумга олиб келинганди.

"НАТО Ливия халқининг юрагига нафрат уруғларини сепмоқда. Улар ўз келажакларини хорижий кучлар ҳал қилишига йўл қўйишмайди", дейди Ливия ҳукумати воизи Муса Иброҳим.

Ташқи ишлар вазири Холид Каимнинг мухбирларга айтишича, ҳодиса "аҳоли уйлари айтайин нишонга олинаётганини" намойиш этади.

Бир кун олдин мамлакат Бош вазири НАТОни ўз ҳарбий амалиётлари давомида айнан фуқароларни нишонга олаётганликда айблаганди.

Ливия исёнкорлари мамлакат шарқининг учдан бир қисми ва ғарбдаги маълум ҳудудлар, жумладан, Мисратани назорат қилишмоқда.

Аммо, Триполи ҳукумат қўлида қолмоқда.

НАТО амалиётлар бошланганидан бери 10 мингдан ортиқ ҳужумларни амалга оширган.