Жаҳон янгиликлари қисқа сатрларда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Би-би-сига гапирган НАТО вакили Ливия пойтахти Триполидаги аҳоли мавзеси нишонга олингани тасдиқланса, тинч фуқаролар орасидан берилган ҳар қандай талофатдан чуқур таассуф билдиришини айтган. Ливия расмийлари Сўғ ал Жума мавзеида икки ёш гўдак дохил 7 инсон нобуд бўлганини даъво қилишган. Аммо, НАТО воизининг айтишича, ҳужумда Ливия ҳаво кучларига тегишли ҳудуд нишонга олинган. НАТо расмийлари ҳодиса юзасидан текширув олиб борилаётганини билдиришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий Комиссари Антонио Гутеррес Италиянинг Лампедуза оролига бориб, яқин бир неча ой ичида Шимолий Африкадан келган минглаб муҳожирлар билан учрашган. У қочқинлар сақланаётган шароитларни ўз кўзи билан кўришни мақсад қилган. Кейинроқ унга БМТнинг яхши ният элчиси Анжелина Жоли келиб қўшилади. Январ ойида Тунис ва Ливияда қўзғолонлар бошланганидан бери оролга 40 мингдан ортиқ одам қайиқларда ўтиб келган. Қочқинлар оқими Италия ва Оврўпо Иттифоқининг бошқа аъзолари ўртасидаги тангликка сабаб бўлган

Миср Бош вазири Эссам Шараф парламент сайловларининг кечиктирилишига хайрихоҳ эканини айтган. Бош вазирга кўра, шунда янги ташкил этилган сиёсий партиялар тайёргарлик кўришлари учун кўпроқ вақт қолади. Шараф жаноблари, шунингдек, сайловлардан олдин янги конституция тузишга оид чақириқларни ҳам дастаклашини айтган. Ўтган феврал ойида оммавий ғалаёнлар ортидан президент Муборак вазифасидан кетказилганидан сўнг қудратни ҳарбий кенгаш қабул қилиб олган ва сайловларни сентябр ойига белгилаганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қўшма Штатларда россиялик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Бонэр узоқ давом этган касалликдан сўнг ҳаётдан кўз юмган. У ядро физикаси бўйича олим, Нобел мукофоти совриндори ва инсон ҳуқуқлари фаоли Андрей Сахаровнинг рафиқаси эди.

Афғонистон Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, Афғонистон шимолида Олмония ҳарбий карвонига қарши худкушлик ҳужумида 3 киши нобуд бўлган ва 11 нафари яраланган. Ўтган бир неча ой асносида мазкур ҳудудда зўравонликлар кучайган. Толибон воизи Қундуз четида содир этилган ҳужумни толиблар амалга оширганини даъво қилган. НАТО воизи ҳарбийлар орасида талофатлар йўқлигини айтган.

Афғонистон шимолидаги Балх вилоятининг Шулгар улусворлиги хавфсизлик масъулларига кўра, кеча йўлга қўйилган ҳаво амалиётлари натижасида камида 10 нафар қуролли исёнчи ўлдирилган. Шулгар ҳокими Саид Неъматуллоҳ Мусабга кўра, ҳалок этилган исёнкорлар туман аҳолиси вакилларидан бўлган. Ҳаво ҳужумлари Афғонистон полиция кучлари ва АЙЭСАФ ҳарбийлари билан бирга амалга оширилган.