Пан Ги Мун: Сурияда юз бераётган ҳодисалардан жуда хавотирдаман

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption БМТ бош котиби Сурияда умумий авф эълон қилинганини олқишлаган

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун яна бир бор Суриядаги бир неча ойдан буён давом этаётган аксилҳукумат намойишларини бостирилишига доир вазиятни ўрганиш ва инсонпарварлик миссияси учун Сурия ичкарисига киришга рухсат беришга чақирди.

Яна беш йил муддатга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош котиби этиб сайланганидан кейин Би-би-сига интервью берган Пан Ги Мун Сурияда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётганидан жуда хавотирда эканини айтди.

Жаноб Пан БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги келишмовчиликлар ташкилотнинг Суриядаги вазиятга нисбатан жавобий амал кўрсатишига тўсқинлик қилгани борасидаги мулоҳазаларни рад этган.

Март ойидан буён Сурияда аксилҳукумат намойишлари давом этмоқда, ғалаёнлар оқибатида бир ярим мингдан зиёд инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Президент Башар ал-Асад миллий мулоқотга чақириқ билан чиқди, бироқ танқидчиларнинг фикрича, унинг кўраётган чоралари мутаносиб эмас.

20 июн куни Сурия давлат телевидениеси Президент Башар ал-Асаднинг чиқишини тўғридан-тўғри намойиш этди, ушбу чиқиш ортидан давлат матбуоти хабар қилишича, жаноб ал-Асад 20 июнгача "содир этилган жиноятлар учун умумий авф" эълон қилган.

Бироқ бу амнистия тафсилотлари аниқ эмас.

"Мен ушбу умумий авфни олиқшлайман, бироқ бу нарса одамлар орасидаги ҳақиқий, мазмунли ва жуда конструктив мулоқтга етаклаши керак", деб айтган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун.

"Мен Сурияда бўлаётган ҳодисалардан жуда хавотирдаман. Шу сабабли ҳам мен Президент Асад билан гаплашмоқдаман ва оммавий чиқишларим орқали ўз муждамни етказмоқдаман. Мен шунга ишонаманки, ҳали кеч бўлмасдан туриб, Сурия Президенти Асад ва унинг ҳукумати аҳамиятли ва қатъиятли чора кўришлари лозим", деб айтди жанб Пан.

Фаолларга кўра, аксилҳукумат намойишчиларига қарата 21 июн куни хавфсизлик кучлари ўт очгани оқибатида камида етти инсон ҳалок бўлган.

Президент Башар ал-Асаднинг душанба кунги телечиқишидан кейин мамлакатнинг Дамашқ, Дераа, Ҳама, Ҳомс шаҳарларида кўп сонли оломон намойишлар уюштирганлар.

Улар Президент Асад ва Сурия байроқларини кўтариб олганлар.

Президент тарафдорлари ва аксилҳукумат намойишчилар ўртасида тўқнашув келиб чиққан, фаолларга кўра, шундан кейин хавфсизлик кучлари аксилҳукумат намойишчиларни нишонга олган.

Ҳукуматнинг мамлакат шимолида ҳарбий амалиётларни бошлагани сабаб минглаб тинч фуқаролар чегарадан ошиб Туркиядан бошпана топганлар ёки Суриянинг ичкарисида чегарага яқин ҳудудларда қолмоқдалар.

Президент Башар ал-Асад қочқинларни ортга қайтишга чақирган.