Cурия армияси Туркия чегарасига яқин шаҳарга кирди

Сурия ва Туркия чегара ҳудудлари Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Сурия армияси танклари Туркия чегарасидан икки километр узоқликдаги Хирбет аж-Жўз шаҳрига кирди.

БМТ маълумотига кўра, ўтган тўрт ҳафта ичида Сурия-Туркия чегарасини 8,5 минг суриялик қочқин кесиб ўтган.

Қочқинларнинг аксари чегара яқинида барпо этилган жамлоқларда бошпана топган.

Суриялик қочқинларнинг Би-би-си мухбирига ҳикоя қилишларича, улар Сурия ҳарбийларининг чегарани кесиб ўтишлари ва уларни ҳибсга олишлари мумкинлигидан қўрқишади.

Турк қўшинлари томонидан қўриқланган жамлоқларга кимса киритилмаётир.

Шоҳидлар Хирбет аж-Жўз шаҳрида Сурия аскарларини кўришгани ва у ердан отишма овозлари эшитилаётганини айтадилар.

Ўтган ҳафталарда Туркия байроғи ҳилпираб турган тепаликдаги бино ҳозирда Сурия қўшинлари томонидан эгаллаб олинган.

Пайшанба тонгида 600 дан ортиқ қочқин Туркия томонга қочиб ўтишга муваффақ бўлган.

Бироқ эндиликда чегарадан одамларнинг ўтиши деярли имконсиз бўлиши айтилмоқда.

Туркия кучлари чегара бўйлаб шай ҳолга келтирилган, бироқ Сурияни тобора кескинроқ танқид қилаётган турк ҳукуматининг юзага келган инқирозга қандай муносабат билдириши аниқ эмас.