Россияликлар Иккинчи Жаҳон Урушини қандай хотирлайдилар?

Шу кунларда Россия ва МДҲ мамлакатларида Олмония фашистларининг Совет Иттифоқига қарши уруш бошлагани 70 йиллиги хотирланмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихида энг қонли саҳифалар қаторидан ўрин олган.

Яқинда Россия Мудофаа вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, Улуғ Ватан урушида Совет Иттифоқидан 26 миллиондан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган. Улардан 8,5 миллиони жанг майдонларида ҳалок бўлган.

Иккинчи Жаҳон Уруш якун топганига 65 йил йил тўлган эса-да, урушга боғлиқ баҳсу мунозаралар ҳануз сўнмаган.

Россияда Олмония фашистларининг ер билан яксон этилиши, асосан, Совет Иттифоқи саъй - ҳаракатлари натижаси деган фикр кенг тарқалган.

Москвалик Улуғ Ватан уруши қатнашчиси, "Уруш фахрийлари Кенгаши" фаоли Василий Дементьевнинг фикрича, Ғарб давлатлари Ғалабани қўлга киритишда Совет Иттифоқи хизматларини кўрмасликка ҳаракат қилишади.

"Ғарб тарихчилари Ғалаба меъморлари инглиз ва америкаликлар бўлган дея дунё бўйлаб жар солишади. Лекин, бу нотўғри фикр. Чунки, Ғарб лидерлари иккинчи фронт очилишини бизга уч марта ваъда қилишди. 1942 йилда ҳам, 1943 йилда ҳам очилмади. Фақат 1944 йилнинг ёзида, Қизил Армия анча илгари сурилгандан сўнг иккинчи фронт очилди", - дейди Василий Дементьев. Ўз навбатда тарихчи, профессор Андрей Зубовнинг айтишича, Олмония фашистларини мағлубиятга учратишда, Совет Иттифоқи қаҳрамонлигини улуғлаш, Шўролар ҳокимиятидан қолган мерос ҳисобланади.

"Шўролар давридан қолган Иккинчи Жаҳон Урушига доир эскича тушунча авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Мактабларда шундай ўқитилган. Ҳозирги Россия матбуотида ҳам урушга оид ёндошув ўзгармаган. Ота-боболаримиздан хато ўтгани, уларнинг айрим масалада хато гапирганларини очиқ айтиш бизда қабул қилинмаган. Бизга Ғалаба фақат Шўролар қаҳрамонлиги боис эришилгани кўпроқ урғуланади. Шўролар тузумидан қолган бундай янглиш билим ва тарбия ўзгариши лозим. Менимча, Ғарб ва Россия тарихчилари, ўқитувчи ва сиёсатчилари совуқ уруш оқибатларини бартараф этиш учун биргаликда фаолият юргизишлари лозим",- дейди профессор Андрей Зубов.

Бироқ, Россия раҳбарияти, Ғарб билан бўлган муносабатларни яхшилаш мақсадида урушга доир айрим тушунчаларга очиқ баҳо беришга интилмоқда деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Ўтган йили Россияда Ғалаба байрами арафасидаги чиқишида Президент Дмитрий Медведев Иосиф Сталиннинг ўз халқига нисбатан содир этган жиноятлари ҳеч гоҳ кечирилмаслигини урғулади.

Москва Қизил майдонида ўтган ҳарбий парадда эса илк маротиба АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Полша фахрийлари Россиялик ҳамкасблари билан биргаликда саф саф тортиб ўтишди.

Татаристонлик олим, адабиётшунос Нормуҳаммад Ҳисамовнинг фикрича, 9 май ҳарбий парадда иттифоқдош давлатлар раҳбарлари ва фахрийларининг ҳам даъват этилгани, Россия ҳокимиятида Иккинчи Жаҳон Урушига бўлган қарашнинг ўзгараётганининг бир нишонасидир.

"Олмония фашистларини енгишда бизга иттифоқдош - АҚШ ва Оврўпо давлатларининг ҳам хизматлари сингани борасида яқин йилларгача бирёқлама ёндошилди. Лекин, ҳозирда вазият яхши томонга ўзгармоқда. Ўтган йилги 9 май Москва Қизил майдонида ўтган Ғалаба байрами парадида АҚШ ва Ғарб давлатлари фахрийларининг қатнашгани бундай ўзгариш нишоналаридан биридир", - дейди Нормуҳаммад Ҳисамов. Россия ҳокимияти Шўролар тарихи, жумладан, Улуғ Ватан уруши мавзуларини мамлакат ичариси ва хорижда қандай талқин этилишини диққат билан кузатиб боради.

Яқинда Президент Дмитрий Медведев ташабуси билан тарихни сохталаштиришга қарши Комиссия барпо этилди.

Ушбу ҳужжат Улуғ Ватан урушида Совет Иттифоқи ғалабасини инкор этган ҳамда бошқа тарихий воқеаларни сохталаштирган шахсларга нисбатан жиноий жазо қўллашни назарда тутади.

Кремль танқидчилари Россия раҳбарияти ташаббусини кескин қоралади. Экспертларга кўра, тарихни сохталаштиришга қарши Комиссия, Россия қонунлари, жумладан, сўз ва виждон эркинлигига зид ҳисобланади.

Ўз навбатда Қизил Армия Шарқий Оврўпо давлатларини фашизмдан озод этиш қатори, ушбу мамлакатларни озодликдан маҳрум этгани ва коммунистик тузум жорий этгани ҳам айтилади.

Айни дамда сўнги сўров натижалари россияликлар орасида Иккинчи жаҳон урушига оид маълумот йилдан-йилга сўниб бораётганини қайд этган.

Ўтган йил ёзида жамоатчилик фикрини ўрганувчи Умумроссия Маркази - ВЦИОМ ўтказган тадқиқот бўйича россияликларнинг қарийб 60 фоизи Улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабани Россия тарихидаги энг буюк воқеа ҳисоблашларини тилга олишган.

Шу қаторда сўралганларнинг 40 фоизи Россия ёшлари орасида Иккинчи Жаҳон Уруши ҳақида маълумот йилдан-йилга сўниб бораётганини таъкидлашган.