Сурияда янги норозилик намойишлари бошланиб кетган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Норозилик чиқишлари март ойидан бери давом этмоқда

Сурия фаолларига кўра, бугун жума намозидан сўнг Президент Башар ал-Ассаднинг истеъфоси талаби билан яна минглаб одамлар норозилик намойишига чиқишган.

Хабарларга кўра, Сурия кучлари пойтахт Дамашқ атрофидаги ҳудудларда кўздан ёш сиздирувчи газ ва ўточар қуроллардан фойдаланишган. Суриянинг қатор йирик шаҳарларидан ҳам намойишлар кузатилган.

Сўнгги тасдиқланмаган хабарларда айтилишича, намойишларда бир неча киши қурбон бўлган. Кўплаб кишиларга тан жароҳати етган. Оврўпо Иттифоқи эса, ўз фуқароларига қарши кескин зўравонликларга қўл ураётгани учун Сурияга ҳукуматига қарши жазо чораларини кенгайтирган.

Иттифоқ Эрон Инқилоб Қўриқчиларининг 3 аъзоси ва 4 сурияликни жазо чоралари эълон қилинганлар рўйхатига киритган.

Оврўпо Иттифоқининг расмий журналида Эрон Инқилоб Қўриқчиларидан 3 нафари Суриядаги тузумни мамлакатда давом этаётган норозиликларни бостиришда қўллаб-қувватлагани учун нишонга олинаётганини айтилади.

Шунингдек, иттифоқ "Сурия тузумининг ўз фуқароларига қаратилган қабул қилиб бўлмас ва даҳшатли зўравонликлари" қораланган махсус декларация лойиҳасини ҳам ишлаб чиққан.

Оврўпо Иттифоқи ушбу махсус декларация лойиҳасини тасдиқлашлари ҳам кутилмоқда.

Сурия фаоллари март ойида аксилҳукумат норозиликлари бошланиб кетганидан бери бир ярим мингга яқин одам ўлдирилганини айтишади.

"У энди менинг президентим эмас"

Ўтган ҳафталарда бўлгани каби, фаоллар сурияликларни жума намозидан сўнг намойишларга чиқишга ундашган.

Facebook ижтимоий мулоқот сайтида чоп қилинган мурожаатда бу ҳафтанинг шиори "Башар энди менинг президентим эмас ва унинг ҳукумати энди менга вакиллик қилмайди" экани айтилади.

Дамашқнинг чеккасидаги Ирбин мавзесига, марказий Суриядаги Ҳомс ва Ҳама шаҳарлари, жанубдаги Дара, ҳамда шарқдаги Қамишли ва Дайр ал Зур шаҳарларига минглаб намойишчилар чиқишган.

Ҳомс яшовчилари Жаврат ал Арайис туманида бир намойишчи ҳалок бўлганини билдиришган.

Лондонда жойлашган Сурия Инсон Ҳуқуқлари Расадхонаси Дамашқ жанубидаги Кисваҳ туманида бир киши ўлдирилгани ва тўққиз киши жароҳат олишганини билдирди.

Сурия чет эллик мухбирларнинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйгани туфайли намойишлар борасидаги хабарларни тасдиқлаш қийин.