АҚШ Сурия қўшинларининг Туркия чегараси томон ҳаракатидан хавотирда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Армия ҳужумларидан қўрққан одамлар Туркия чегараси томон йўл солишган

Қўшма Штатлар Сурия қўшинлари Туркия чегараси томон юраётганидан хавотир билдирган. Америка Давлат Котибаси Ҳиллари Клинтон Сурия қўшинларининг ҳаракати 'ўта хавотирли' эканини айтаркан, минтақада қарама-қаршиликлар кучайиши эҳтимолидан огоҳлантиради.

Унга кўра, бу Туркия билан чегара тўқнашувларига етаклаши хавфини кучайтириши ва қочқинлар аҳволини мушкуллаштириши мумкин.

Аммо, Туркиядан таниқли сиёсатчи ва собиқ давлат вазири Аҳад Андижонга кўра, бугунда Туркия ва Сурия ўртасида каттароқ жанжалга арзигулик сабаблар йўқ:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сурия танклари ва снайперлари Хирбет ал - Жоуз қишлоғига кириб борган ва у ердаги аҳолини Туркияга қочишга мажбурлаган.

Март ойида бошланган аксилҳукумат норозиликларини бостириш жараёнида бир ярим мингга яқин одам ҳалок этилгани айтилади.

Мухолифат фаолларига кўра, мингдан ортиқ намойишчилар ҳибсга олинган.

Қатор Сурия шаҳарлари, жумладан, Ҳомс ва Ҳамада ҳафта бошларида хавфсизлик кучлари ва Президент Асад тарафдорлари билан тўқнашувдан сўнг иш ташлаш эълон қилинган.

'Ўз халқини террорга солиш'

"Шуниси ҳақиқатки, тажавузкор ҳаракат Суриядаги қочқинлар билан боғлиқ шундоқ ҳам беқарор вазиятни янада ёмонлаштиради", дейди Клинтон хоним.

"Токи, Сурия кучлари зудлик билан ўз ҳужумлари ва иғвогарона ҳаракатларига чек қўйишмаса, бу нафақат ўз фуқароларига таъсир қилмоқда, балки чегара тўқнашувлари эҳтимолини оширмоқда. Бунинг ортидан эса, минтақада қарама-қаршиликлар кучайишига гувоҳ бўлишимиз мумкин", дейди Клинтон хоним.

Ҳиллари Клинтон Вашингтоннинг Президент Асадга қаратилган - ислоҳотлар ваъдаси устидан чиқиш ва ё истеъфо беришга оид чақириқларини таъкидлаган.

Қлинтон хонимга кўра, бу Президент Асад тузуми Сурия халқининг қонуний хавотирларига ечим топиш учун ўз фуқаролари билан ҳамкорликда ишлаш ўрнига уларни бостириш учун қанчалар узоққа бора олиши мумкинлигига яна бир мисолдир.

Сурия ҳукуматининг яқинда амалга оширган ҳарбий амалиётлари мамлакат шимолидан минглаб сурияликларнинг Туркия томон қочишларига сабаб бўлган.

Кўплар чегарани кесиб ўтишган, бироқ катта сонли қочқинлар чегаранинг Сурия тарафидаги жамлоқда қолишни маъқул кўришган.

Улардан бири Би-би-си Араб Хизматига гапираркан, ўзининг жамлоғидаги 2,130 киши Хирбет ал - Жоуздан армия ҳужумларидан қочиб келганини айтган.

"Бу халқни даҳшатга солишдир", дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Клинтон хоним минтақада қарама-қаршиликлар кучайиб кетиши эҳтимолидан огоҳлантиради

Расмий Дамашқ эса, минглаб сурияликларнинг Туркияга қочаётганига оид хабарларга зид гапирган. Ҳукуматга кўра, пайшанба куни 500дан ортиқ киши ўз уйларига қайтишгани ҳақида айтган.

Ҳукумат, шунингдек, уларни қуролли шахслар қочишга мажбур қилганини қайд этган.

Туркия мавқеи

Хирбет ал-Жоузга борган Би-би-си мухбири аҳоли армия ҳужумларини кутаркан, қишлоқ ҳувиллаб ётганини айтган.

Шоҳидларга кўра, қўшинлар қишлоққа пайшанба куни эрталаб етиб келишган. Туркия тарафдаги маҳаллий аҳоли ва журналистлар чегаранинг нариги томонида ҳарбийлар ҳатти-ҳаракатларини кузатишга муваффақ бўлаётганларини айтишган. Уларга кўра, ҳарбийлар Туркия чегараси яқинидаги жамлоққа ошиқаётган одамларни йўлини тўсишни мақсад қилишган кўринади.

Ҳозирнинг ўзида Сурия чегарасида жойлашган Ҳатай вилоятида 11 мингга яқин суриялик Туркия Қизил Хоч ташкилоти ўрнатган чодирларда қўним топишган. Айни пайтда Туркия кучлари ҳам чегара бўйлаб сафарбар қилинган.

Истанбулдаги Би-би-си мухбири Жонатан Хеднинг айтишича, Туркия ҳукумати Сурия қўшинлари ҳатти-ҳаракатларига қандай жавоб қилиши қоронғу қолмоқда. Ҳозиргача ҳукумат Сурияга нисбатан танқидий муносабат кўрсатиб келаётганди.

Пайшанба куни Сурия Ташқи ишлар вазири Валид Муаллаим Туркияга мурожаат қилиб, Анқара ҳар доим ўз иттифоқчилари бўлиб келганини урғулаган ва мавқеини ўзгартиришга чақирган.