Халқаро Жиноят Маҳкамаси Ливия раҳбарини ҳибсга олишга буйруқ берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ливиялик исёнкорлар пойтахт Триполига яқинлашиб келишаркан, Уруш Жиноятлари бўйича халқаро маҳкама мамлакат раҳбари полковник Муаммар Қаддофийни ҳибсга олишга ордер берди.

Халқаро маҳкама Муаммар Қаддофийни инсониятга қарши жиноят содир этиш ва феврал ойи ўрталарида бошланган оммавий норозиликлар ортидан оддий аҳолига ўт очишга буйруқ беришда айблаган.

Маҳкама Ливия раҳбарининг ўғли Сайф ул-Ислом ва Жосуслик хизмати раҳбари Абдуллоҳ Сенуссийларни ҳам ҳибсга олишга руҳсат берган.

Ливиядаги можароларда минглаб кишиларнинг ҳалок бўлганликлари ишонилади.

Халқаро маҳкама ҳакамининг айтишича, Ливияда фуқароларнинг таъқиб этилиши ва ўлдирилишида учовлоннинг "бевосита ижрочилар сифатида жиноий масъул" эканликларига ишониш учун етарлича асослари бордир.

Шу йил май ойида маҳкама Бош қораловчиси Луис Морено-Окампо Ливия фуқароларига қарши кенг тус олган ва изчил равишда олиб борилаётган ҳужумларда айбдор эканликларини айтиб, уларни ҳибсга олишга рухсат беришни сўраганди.

Унинг айтишича, полковник Қаддофийнинг қуролсиз аҳолини ҳужумга тутишга шахсан буйруқ бергани ва сиёсий мухолифларининг ҳибсга олиниб, қийноққа тутилишлари ортида турганига оид далилларга эгалар.

Ливиялик масъуллар аввалроқ Уруш жиноятлари бўйича халқаро маҳкамани тан олмасликлари ва ҳибсга олишга оид буйруқдан чўчимасликларини айтишганди.

Халқаро маҳкаманинг сўнгги қарори Британия Ташқи ишлар вазири Вильям Ҳейг томонидан хуш қаршиланган.

Жаноб Ҳейг Ливия ҳукуматидагиларни полковник Қаддофийдан воз кечиш ва "ёвузликлар"га масъул бўлган шахслар албатта жавобгарликка тортилишлари шарт эканини айтган.

Жанглар

Исёнкор кучларнинг Триполига кириб келишларига эса, 80 чақиримча қолган.

Улар ҳозир Триполи яқинидаги стратегик жиҳатдан муҳим жанубий-ғарбий Бир ал-Ғанам шаҳрида Ливия раҳбарига мойил кучлар билан қақшатқич жанглар олиб боришмоқда.

Исёнкорларнинг Би-би-сига берган суҳбатларидан аён бўлишича, улар Триполига кириб боришмоқчи.

Маҳкама Бош қораловчиси Ливия раҳбарининг ўғли Сайф ул-Ислом ва Жосуслик хизмати раҳбари Абдуллоҳ Сенуссийларни ҳам қўлга олишга рухсат сўрамоқда.

Улар Ливия ҳукумати мухолифларига нисбатан инсониятга қарши жиноятлар содир этишда айбланишмоқда.

Душанба куни халқаро иттифоқ кучларининг Ливияга қаратилган ҳарбий амалиётларининг бошланганига 100 кун бўлади.

Ливиялик исёнкорлар улар уюштираётган ҳаво ҳужумларидан ҳануз унумли фойдаланишолмаяпти.

Ливия ахборот воситаларига кўра, ўтган тунда ҳам Триполи ҳаводан ҳужумга тутилган.

Жиддийгина ютуқ

Жорий пайтда исёнкорлар Ливия шарқини ва Нафуса тоғлари дохил айрим ғарбий минтақаларини ўз назоратлари остида тутиб туришибди.

Миллий Муваққат Кенгаш воизининг айтишича, ҳозир асосий эътиборларини Бир ал-Ғанам шаҳрига қаратишмоқда.

Жума ал-Гаматий жанобларига кўра, Бир ал-Ғанам Триполининг ғарбий дарвозаси саналган Завия шаҳридан бор-йўғи 30 чақиримча узоқда жойлашгани билан муҳим.

Исёнкорлар ўтган март ойида Завияни қўлга киритишган, аммо ҳукумат кучлари уларни сиқиб чиқаришнинг уддасидан чиқишганди.

Шаҳар учун жанглар ҳозирга келиб яна бошланиб кетган.

Тўқнашувларда икки исёнкорнинг қурбон бўлгани айтилади. Улар ҳукумат кучлари ўзларидан кўра ҳам кўпроқ талофатга учраганликларини даъво қилишади. Аммо буни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг иложи йўқ.

Ливия ҳукумати эса, кеча якшанба куни полковник Қаддофийнинг қудратда қолиш-қолмаслиги юзасидан овоз бериш таклифини яна бир бор илгари сурган.

Бир қанча тинч фуқаронинг ўлими билан якунланган 19 июндаги НАТО ҳаво ҳужумлари ортидан, Италия ҳам Ливия можаросига сиёсий ечим топишга ундаб чиққанди.

Преторияда учрашаётган Африка раҳбариларига кўра эса, полковний Қаддофий Ливия инқирозини ечишга қаратилган музокаралардан четда туришга рози бўлган.