Эрон ўрта масофага учувчи баллистик ракетани синовдан ўтказди

Ҳарбий парад Фото муаллифлик ҳуқуқи fars
Image caption Эрон ракета дастури Қўшма Штатлар ва Исроилга ғулғула солган

Эрон Форс кўрфазидаги Қўшма Штатлар ва Исроил кучларини нишонга олишга қодир бўлган ўрта масофага учувчи ракетани синовдан ўтказди, деб хабар беради Эрон маҳаллий матбуоти.

Сешанба куни ўтказилган ҳарбий ҳаво машқларда Эрон ўрта масофага учувчи ракетадан ташқари яна қисқа масофага учувчи 13та баллистик ракетани синаб кўрган.

Хабарларда таъкидланишича, душанба куни бошлатилган машғулот бирон бир мамлакатга қарши қаратилмаган.

Эрон "Инқилоб Посбонлари" Гвардиясининг генерали Амир Али Ҳожизода Эрон ракета дастури Оврўпо давлатларига қарши қаратилмагани, балки Форс кўрфазидаги Исроил ва АҚШ кучларидан ҳимояланишга қаратилганини айтган.

"Бугун, машғулотнинг иккинчи кунида, биз "Зилзол", "Шаҳоб-1" ва "Шаҳоб-2" ҳамда ўрта масофага учувчи "Қадр" ракеталарини учирдик," - деб айтган жаноб Ҳожизода Эрон давлат телевидениеси билан суҳбатда.

"Қадр" ракетаси 2 минг километрдаги ҳадафни нишонга олишга қодир, деб хабар беради ИРНА ахборот агентлиги.

Эрон ракета дастури ғарбни хавотирга солиб келади.

Ғарб ҳукуматларининг қўрқишича, Теҳрон ядровий каллакларни таший билган баллистик ракеталарни ишлаб чиқишга ҳаракат қилмоқда.

Уларнинг ишонишича, Эрон айни режани ядровий дастур чорчўбасида амалга оширишга уринмоқда.

Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқиш нияти йўқлигини таъкидлаб келади.