Хитой ва коммунистик партия қанчалар якдил?

Image caption Хитой коммунистлари ҳамон "ардоқ"да

Пекиндаги черков мактабларидан бири бўлган бино Хитой коммунистлари томонидан тўла “ислоҳ” этилган.

Бу бино бугун ҳам мактаб.

Аммо мактабнинг маърифий моҳияти ўзгармаган.

Ўзгаргани шуки, собиқда черковга қарашли мактабда ўқувчилар Худога сиғинишган бўлса, бугун улар партияга “сиғинадилар”.

Бу мактабдаги тузум коммунистлар партиясини Хитойда ярим асрдан ортиқ қудратда ушлаб келаётган тузумнинг бир қисмидир.

Хитой Коммунистик партияси бундан тўқсон йил аввал тузилган эди.

Аммо кун сайин унинг қудратига қудрат қўшилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Иқтисодий муваффақиятларга қарамасдан баъзи муаммолар коммунистик партиянинг ҳам “таъбини хира” қиладиган...

Хитой коммунистик партияси мухолиф қарашларни ёқтирмайди, ўз бошқарувига қарши бўлганларни бостириш учун махсус тизимни назорат қилади.

Айримлар ортиқ бу каби муносабатга тоқат қилинмаслиги ва партия агар яшаб қолишни истаса ўзини ислоҳ этмоғи лозим дейди.

Мао ўгитлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption "Маонинг хатолари эмас, сиёсий тажрибаси ўрганилади..."

Хитой Коммунистлар Партияси жуда ҳам қудратли эканига шубҳа йўқ.

Партия сиёсат борасида қарор беради, бу сиёсатни амалга оширади.

Сиёсат эса ҳаётнинг барча қирраларини қамраб олади.

Кинояга йўйманг, аммо яқинда коммунистлар партияси маҳаллий мулозимларни сайлаш жараёнига тўла бош-қош бўлишини ҳам эълон қилди.

Мақсад “ адолатли сайлов жараёнини “ таъминлаш экан.

Пекиндаги Коммунистик Партия Мактаби ана шу назорат тизимига яққол бир мисолдир.

Партиянинг юқори лавозимли мулозимлари ҳар уч йилда уч ойлик махсус курсларни ўташлари, коммунистик партиянинг сўнгги ғояларидан “баҳра” олиб туришлари шарт.

Кейин бу ғояларни улар ўз ишларида татбиқ этадилар.

Ана шундай ўқув курсларини тамомлаганлардан бири Чу Шиолин Beijing Daily газетининг муҳаррир ўринбосаридир.

"Биз жамиятимиз ҳақида ҳамма нарсани тушунмаймиз, бу мактаб бизга ҳаётнинг барча соҳаларидан бўлган мутахассислар билан таништиради”, дейди у.

Чу Шиолин қатнашаётган ўқув курсларида интернетнинг фойда ва зарарлари ҳақида сўз боради.

Бошқа бир ўқув курсида эса коммунистлар доҳийлари Мао Зе Дун ўгитларини ўқишмоқда.

Мао раислигида ўнлаб миллион хитойликлар қурбон бўлишган... аммо партия аъзолари унинг хатолари эмас, балки сиёсий маҳоратини ўрганишади.

Мао ўгитларидан сабоқ бераётган профессор Лу Фенгнинг айтишича, “ доҳий қандай қилиб одамлар билан яқинлашишни билган, партия аъзолари шуни ўрганишлари керак. Хитой коммунистик партияси яшайман деса, халқнинг дастагини олиши керак ”.

Мухолифат бостирилади

Аммо партия демократик сайловлар ўтказиб халқнинг фикри билан ҳисоблашиб ўтириш ниятида эмас.

Гарчанд партиянинг юқори қатламларида айрим раҳбарлар бу ҳақда мубоҳасаларни бошлашган.

Жоу Чунминг Пекиндаги партия мактабида маъмур бўлиб ишлайди.

Унинг айтишича, коммунистлар партияни ислоҳ қилишларига ҳеч эҳтиёж йўқ. Чунки шундоқ ҳам партиянинг тарафдорлари кўп.

"Демократиянинг ҳам муаммолари талайгина...Нима учун Ҳитлер Олмонияда ҳукумат тепасига келган? Демократия сабаб бўлган...” деб ўзига ўзи жавоб беради у.

Хитой шу кунларда мухолиф фикрловчиларга қарши яқин ўтмишда мисли кўрилмаган йирик амалиётни бошлаган.

Коммунистлардан иборат ҳукумат бугун ички хавфсизлик амаллари учун миллий мудофаадан кўра кўпроқ маблағ сарфлайди.

Тибетликларни, демократия тарафдорларини ва умуман коммунистик партия бошқарувига “таҳдид” соладиганларни қамоққа ташлайди. Уйларидан қувиб солади.

Ўтган ҳафталарда армия назорати остида бўлган Халқ Ҳарбий полициясини шимолда бош кўтарган мўғуллар ва жанубда исён қилаётган муҳожир ишчиларни бостиришга сафарбар қилди.

Коммунистларнинг ардоқли муболағаси

Шунда ҳам Коммунистик партия ислоҳотларга тайёр эмас деб айтиш мушкул.

Партиянинг бу қадар узоқ вақт “яшовчанлиги” сири ҳам унинг даврга мослашувчанлигига боғлиқдир.

Ўттиз йил аввал партия коммунизм ғоясини капитализмга “сотишни” бошлаганди.

Бу мисли кўрилмаган иқтисодий ўсишга сабаб бўлди.

Ана шу “сотқинлик” 21 – аср ўрталарида Хитойни дунёнинг энг бадавлат мамлакатига айлантириши мумкин.

Хитой Коммунистик партиясига қўшилган саноқли америкаликлардан бири Сидней Риттенбергга кўра, агар партия “яшашни истаса яна ўзгариши керак”.

"Бир кун келиб одамлар илғор бозор иқтисоди шароитида ўтмишнинг сиёсати билан яшашни истамай қолишади”, дейди бир пайтлар доҳий Мао билан учрашган америкалик 89 яшар коммунист.

Хитой Коммунистик Партияси анчайин махфий бир ташкилотдир.

Янги аъзолар аввалига партиянинг сирларини ошкор этмасликка қасам ичишади.

Бу эса партиянинг ислоҳотлар ўтказиши йўлида асосий тўғаноқлардан биридир.

Нима бўлса ҳам бугунги кунда Коммунистик партия қудратда...

Аммо Хитой ва коммунистлар якдилу ягона деган қараш атайдан яратилган муболағадир.

Зотан, коммунистлар бу муболағани яна кўплаб йиллар асраб авайлаш ниятида...