Ливия исёнкорлари Қаддофийнинг қурол-яроғ омборхонасини эгаллашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қаддофийнинг қуроллари

Ливия исёнкорлари ер остида жойлашган йирик қурол-аслаҳа сақланадиган омборни қўлга киритишган.

Зинтан шаҳарчасининг чеккасидаги бу омбор бир неча кун аввал НАТО кучлари томонидан бомбардимон қилинганди.

Айни пайтда Халқаро Жиноят Маҳкамаси Қаддофий иттифоқчиларига мурожаат қилиб, уни ҳибсга олиш учун ёрдам сўраган.

Исёнкорлар феврал ойида инқилоб ҳаракатларини бошлашган ва бир ой ўтиб НАТОнинг дастагига эришишган эди.

Нафиса адирларида жойлашган бу омборхонада ракеталар, автомат ўт очар ва бошқа қуроллар топилган.

Мухбирларга кўра, қурол-аслаҳа омборининг топилиши исёнкорлар учун йирик бир муваффақиятдир.

Исёнкорлар Триполидан эллик чақиримча узоқда қолишар экан, янги қуроллар уларнинг жанговар ҳамлалари учун жуда қўл келиши айтилмоқда.

Би-би-си мухбирига кўра, бу омборхоналарнинг биридан ҳамон тутун кўкка ўрламоқда.

Ичкаридаги қурол-аслаҳалар ҳам аҳён –аҳёнда портлаб турибди.

Омборхоналар мажмуи жуда катта эканлиги айтилади.

Айримлари НАТО ҳужумлари оқибатида бутунлай вайрон қилинган.

Исёнкорлар шикастланмаган бункер- ертўла омборлардан қурол-аслаҳаларни ўз машиналарига ортишар ва ҳар гал янгилари топилганида “ Оллоҳу Акбар “ дея ҳайқиришар эди, деб хабар қилади Би-би-си мухбири.

НАТО учоқлари Душанба куни Зинтан минтақасида Қаддофийпараст кучларнинг учта танки ва олтита ҳарбий машинасини вайрон қилишгани айтилмоқда.

Айни вақтда Халқаро Жиноят Маҳкамаси раиси Ливия полковник Қаддофий ва унинг ўғли Сайф ул – Ислом ҳамда Жосуслик хизмати раҳбари Абдулла ал – Сануссини ҳибсга олишда маъсулияти бор деб айтган.

Ҳаагадаги матбуот анжуманида Окампо жаноблари Қаддофийнинг яқин иттифоқчилари “ муаммонинг бир қисми ва ё муаммонинг ечими бўлишлари, бошқа ливияликлар билан жиноятларнинг олдини олишда ҳамкорлик қилишлари мумкин”, деди.