Исломий либослар масаласида Австралия полицияси янги ваколатга эга бўлди

Австралиянинг аҳолиси энг катта Нью Сауз Уэльс (New South Wales) штати полицияси энди муслималарга бурқа ёки юзларини ёпиб турувчи ҳижобларини ечишга буйруқ бериш ваколатига эга бўлади.

Штат маъмуриятига кўра, янги тартиб-қоидалар полиция зобитларининг йўлларда мукаммал текширув ишларини олиб боришларини таъминлайди.

Яъни, агар улар жиноят содир этганига оид асосли далилларга эга бўлишса, муслималарни юзларини очишга мажбур қилишлари мумкин бўлади.

Муносабат

Австралиядаги кўплаб исломий гуруҳлар эса, янги ўзгаришларга эътирозлари йўқлигини айтишмоқда.

Аммо, уларга кўра, полиция ходимлари муслима хотин-қизларнинг ҳис-туйғуларини назарда тутиб муносабатда бўлишса, бас.

Жамила Ҳусайн Сиднейдаги университетларнинг бирида фиқҳдан дарс беради.

Унинг айтишича, янги тартиб-қоидалар мусулмон жамоасини хафа қилмаслиги керак.

"Сиз Исломий давлатдан ташқарида яшасангиз, ўша ернинг қонун-қоидаларига амал қилишингиз лозим. Агар сиз яшаб турган давлатдаги қонунларга мувофиқ шахсингизни аниқлаш учун юзингизни очишингиз керак бўлса, шундай қилишингиз лозим. Яъни, бундан бўйин товлолмайсиз", дейди Жамила Ҳусайн.

Аммо фуқаровий эркинликларни ҳимоя этувчи фаолларга кўра, расмийлар полициянинг қудратини керагидан ортиқ кучайтириб юборишмоқда.

Австралиядаги мусулмон жамоаларини асосан Покистон ва Афғонистондан келган муҳожирлар ташкил этишади.

Сабаб

Штатдаги сўнгги янгиликларга эса, катта шов-шувларга сабаб бўлган ирқчиликка оид маҳкама иши сабаб бўлган.

Текширув чоғида бурқасини ечишни талаб этгани учун, бир муслима аёл полиция зобитини ирқчиликда айблаб, маҳкамага берганди.

Энди эса, агар бирор бир жиноят қилганликда гумон этса, полиция ходими сизни ҳар қандай диний ёпинчиқларни ечишга мажбур қила олади.

Масъуллар, "Лозим бўлган тақдирда, ўзлари истаган инсоннинг шахсини аниқлаш ваколатини бериш учун бу каби ўзгаришларга қўл уришган"ини айтишмоқда.

Янги тартиб-қоидаларга мувофиқ, юзини очишдан бўйин товлаганларга 6.000 АҚШ доллари миқдорида жарима солинади ёки бир йиллик қамоқ жазоси берилади.

Сиднейда бўлган мухбиримизнинг хабар беришича, Австралиянинг бошқа штатларида ҳам худди шундай тартиб-қоидаларни жорий этиш истагида бўлганлар йўқ эмас.

Австралия биринчи эмас

Шу йилнинг апрел ойида Францияда Оврўпо давлатлари орасида биринчи бўлиб жамоат ерларида юзни бутунлай ёпиб турувчи ниқоб ва бурқа каби исломий уст-бошларни тақиқловчи қонун кучга кирганди.

Янги қонунга мувофиқ эса, Францияда жамоат жойларида бурқа кийиб юрган ҳар бир аёл 150 евро жаримага тортилади.

Бундан аввал Бельгия парламенти ва Голландия Вазирлар Маҳкамаси ҳам худди шундай мазмундаги қонун лойиҳасини муҳокама этишганди.

Қонунни дастаклаётганлар бундай чоралар хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим эканини таъкидлашади.

Уларнинг айтишларича, полиция жамоат жойларида инсонларнинг кимлигини аниқлаш имконига эга бўлиши керак.

Бошқаларига кўра, бу - жамоалараро интеграциянинг яхшиланиши учун муҳим.

Баъзилар эса, юзни тўлиқ ёпиб турувчи ниқоб ёки бурқани аёлларни таҳқирлаш рамзи сифатида кўришади.