Британия Бош вазири: "Шахсий телефонларни яширин эшитиш юзасидан текширув ўтказилади"

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Даъво қилинишича, 2002 ўлдириб кетилган Милли Доулер чўнтак телефонидаги хабарлар яширинча эшитилган.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон News of the World рўзномаси ходимлари томонидан қатор шахсий телефонлар яширин эшитилганлиги даъволари юзасидан текширув ўтказиш ваъдасини берди.

Жаноб Камеронниннг айтишича, бундан бир неча йил аввал ўлдириб кетилган Милли Доулер ғойиб бўлганидан сўнг, унинг қўл телефонида қолдирилган хабарларни яширинча эшитиш ҳаракатлари "жирканч"дир.

Айтилишича, News of the Worldга ишловчи ходим 2002 йили Милли Доулер ғойиб бўлганидан сўнг унинг телефонидаги хабарларни эшитиб, ҳатто кўпроқ янги хабарларга жой ажратиш мақсадида аввалгиларини ўчириб юборган.

Бундан аввал ҳам қатор таниқли шахслар ва сиёсатчилар уларнинг телефонлари яширинча эшитилганлигидан шикоят қилгандилар.

The News of the World - Дунё янгиликлари газетасининг қироллик масалалари бўйича муҳаррири Клайв Гудман ва хусусий тадқиқотчиси Гленн Малкейр қиролича оиласи хизматчилари қўл телефонларини эшитиш юзасидан қамоққа ташланганди.

Ўшандан бери олиб борилган қатор текширувлар ва очилган жиноий ишлар орқали бундай амаллар қанчалар кенг тарқалгани ўрганилди ва бунинг ортидан полициядан тортиб, таниқли шахслар ва сиёсатчиларнинг телефон мулоқотларини ҳам эшитишга уринилгани ошкор бўлди.

Ушбу газета Британия қироллиги тахти ворисларидан бири Шаҳзода Виллиамнинг тиззасидан жароҳат олгани ҳақида хабар чоп этади. Ва бунинг ортидан қироллик ўз ёрдамчилари телефон овоз почталари эшитилаётгани юзасидан хавотир билдира бошлади.

Ана шу асосда маълум бўлган амаллар асосида 2007 йил январида Гудман ва Малкейе 4 ва 6 ойга озодликдан маҳрум этилди.

Даъволар ҳали ниҳоя топгани йўқ. Янада кўпроқ машҳур шахслар ўз телефонларига "ҳужум"лар бўлганини иддао қилишган ва айримлар газетани ва текширувларни рисоладагидек олиб бормаганлигидан шикоят қилиб, полицияни маҳкама беришган.

Бу амаллар шахсий телефонларни яширинча эшитиш мумкин эмаслиги борасидаги қонунга зиддир.

Агар The News of the World газетаси раҳбарлари Гленн Малкейрга овоз қолдириш почталарини эшитишга ноқонуний равишда буйруқ беришган бўлса, улар айбловларга юз тутишлари мумкин. Бундай даъволар давомли пайдо бўлаётгани полиция учун ҳам, сиёсатчилар ва Руперт Мурдокнинг бизнес манфаатлари учун ҳам зарардир.

Қироллик оиласи хизматчиларидан ташқари, публицист Макс Клиффорд, Профессионал Футболчилар Уюшмаси ижроя директори Гордон Тейлор, Либерал демократлар партиясидан парламент аъзоси Саймон Хюс ва яна бир қатор таниқли шахслар News Internationalга қарши даъволар билан чиқишди ва бу ишлар, хабар қилинишича, 700,000 ва 1 миллионлик товон тўлаш келишуви билан маҳкамага қадар етиб бориши олди олинган.

Бирон бир шахснинг телефон почтасига кириш 2000 йил парламент томонидан чиқарилган қонунга зиддир. Шу билан бирга 1990 йил компютер жиноятларининг олдини олишга қаратилган қонуннинг бузилиш ҳоллари кузатилган. Фақат Британия хавфсизлик хизматларигина телефонларни эшитишга буйруқ беришлари мумкин.