Amnesty International: Сурия ҳукумати амаллари инсониятга қарши жиноят сифатида кўрилиши мумкин

Image caption Сурия бўйлаб кенг тус олган аксилҳукумат намойишлари март ойининг ўрталаридан бери рўй бермоқда.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Amnesty International Сурияда рўй бераётган зўравонликларни текшириш учун БМТ томонидан махсус текширув ўтказилишига даъват қилди.

Ташкилотга кўра, ҳукуматнинг норози намойишчиларга нисбатан қўллаётган амаллари инсониятга қарши жиноят сифатида кўрилиши мумкин.

Ташкилот чиқарган янги ҳисоботда Сурияда охирги ойларда рўй берган қатор қийноқ ҳолатлари, ҳибсхонадаги ўлимлар ва асоссиз ҳибсга олишлар қайд этилган.

Бу ҳолатларнинг ҳаммаси май ойида ҳукумат кучларининг мамлакат шимолидаги Тел Калах қишлоғига ҳуружи билан боғлиқдир.

Amnesty Internationalга кўра БМТ Сурияни Ҳаагадаги Халқаро жиноят маҳкамасига тортмоғи лозим.

Суриялик инсон ҳуқуқлари фаоллларига кўра, шу йили март ойи ўрталарида бошланган аксилҳукумат намойишларида 1350 дан ортиқ киши шунингдек, 350 нафар Хавфсизлик хизмати аскари ҳалок бўлган.

Гувоҳлар кўрсатмаларига асосан йиғилган маълумотларга кўра, 14 май куни Ливан билан чегарага яқин жойлашган Тел Калах қишлоғида норозилик намойиши бўлиб ўтган.

Ҳукумат кучлари у ерга етиб келиб, чегара томон қочишга ҳаракат қилган оилаларга қарата ўқ очганлар.

Кейинчалик қишлоқнинг қатор эркак яшовчилари ҳибсга олинган.

Amnesty Internationalга кўра, уларнинг аксари қийноққа тутилган.

Image caption Намойишларда ҳалок бўлганларнинг дафн маросимлари ҳам норозилик намойишларига айланмоқда.

Бир ҳодисада ҳибсга олинганларни олиб кетаётган ҳукумат аскарлари неча киши қўлга олинганини аниқлаш учун уларнинг бўйниларига ёндирилган сигарет босиб, ҳисоблаганлар.

Сўроқ усуллари...

Amnesty International ҳисоботида Маҳмуд исмли бир йигит мисоли келтирилган.

Уни Ҳомс шаҳрида ҳибсга олиб, беш кун мобайнида боғлаб қўйилган ҳолда ушлаб, электр токи билан қийноққа тутганлар.

Гувоҳларга кўра, Тел Калах қишлоғидан камида 9 киши ҳисбда бўлган вақти оламдан кўз юмган.

Amnesty Internationalнинг айтишича, Тел Калахда содир этилган жиноятлар инсониятга қарши жиноятлар сифатида кўрилиши мумкин, чунки бу жиноятлар кенг тарқалган, мутассил тус олган ва тинч аҳолига қарши йўналтирилган.

Ташкилот БМТ Хавфсизлик кенгаши Суриядаги вазият юзасидан Халқаро Жиноят маҳкамаси текшируви ўтказилишига тавсия қилиши лозимлигини билдирган.

Аксилҳукумат намойишларида "қуролланган гуруҳлар" ва "террорчилар"ни айблаб келаётган Сурия ҳукумати эса келаси ҳафта яна бир бор мухолифат вакиллари билан учрашиб, диалог ўтказишга чақирди. Аммо зўравонликлар давом этар экан мухолифат ҳукумат томони билан учрашишдан бош тортмоқда.