Гуржистонда фотожурналистлар жосусликда айбланиб қўлга олинди

Гуржистон Ташқи ишлар вазирлиги фотографи Гиоргий Абаладзе Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Гуржистон Ташқи ишлар вазирлиги фотографи Гиоргий Абаладзе ҳам ҳибсга олинган

Собиқ Совет давлатларидан бири Гуржистонда тўрт нафар фотожурналист жосусликда айбланиб ҳибсга олинган.

Сураткашлардан икки нафари хорижий ахборот агентликларига ишлашган.

Қўлга олинганлардан бири эса, Президент Михаил Саакашвилининг шахсий сураткаши Ираклий Геденидзедир.

Гуржистон Ички ишлар вазирлиги уларни номи ошкор қилинмаган хорижий жосуслик хизматига ишлаганликда айблаган.

Пойтахт Тбилисида журналистлар ўз ҳамкасбларининг ҳибсга олинишига норозилик билдиришган.

Би-би-си мухбирига кўра, Гуржистонда журналистлар илк бор жосусликда айбланишмоқда.

Ираклий Геденидзе, Оврўпо Прессфото агентлиги сураткаши Зураба Курцикидзе, Гуржистон Ташқи ишлар вазирлиги фотографи Гиоргий Абаладзелар пайшанба куни эрталаб ўз уйларида ҳибсга қилинганлар.

Ички ишлар вазирлигига кўра, Ираклий Геденидзенинг рафиқаси Натия ҳам қўлга олинган. Вазирлик гумондорлар устидан тергов ишлари аллақачон бошланганини қўшимча қилган.

Associated Press фотомухбири Шах Айвазов ҳам ҳибс қилинган, аммо бир неча соатдан сўнг қўйиб юборилган.

Жосуслик гумони бўйича ҳибслар биринчиси эмас

Сураткашларнинг яқинларига кўра, оддий кийим-бошдаги полиция ходимлари кутилмаганда кириб келишган ва фотокамералар ҳамда компютерларни мусодара қилишган.

Гуржистон расмийлари жосусликда гумон қилинганлар қўлга туширилгани ҳақида илк бор эълон қилаётганлари йўқ.

Ўтмишда гумондорлар Россияга ишлаганликда айбланганди. Ҳар сафар жосуслик билан боғлиқ ишлар Москва тарафидан ғазабнок муносабатга сабаб бўлади.

Ўтган ноябр ойида 13 киши Россия ҳарбий жосуслик хизматига ишлаганликда айбланиб ҳибс қилинганди.

Кремл ушбу даъволарни майнавозчилик дея рад этган ва Гуржистон жосуслик васвасасига чалинганини айтганди.

2006 йил жосусликда гумон қилинган тўрт россиялик ҳибсга олингани телевизион орқали намойиш қилинаркан, Россиядан юзлаб гуржистонликлар чиқариб юборилганди.

Бу сафарги ҳодисанинг аввалгиларидан фарқи шундаки, энди журналистлар жосусликликда айбланишмоқда.