АҚШдаги Сурия дипломатлари намойишчиларни "сотган"и учун огоҳлантирилдилар

Image caption Сурияда аксилҳукумат намойишлари март ойининг ўртларидан бери рўй бермоқда.

АҚш Давлат Департаменти Вашингтондаги элчихона ўнгига намойишга чиққанларни дипломатлар суратга тушираётганликлари ҳақидаги хабарлар ортидан элчини огоҳлантирди.

Элчи Имод Мустафога элчихона ходимларининг бундай йўриғи хавотир уйғотаётганлиги айтилган.

Америка расмийлари шунингдек, АҚШда намойишга чиққанларнинг Суриядаги оила аъзоларига тазйиқлар ўтказилгани ҳақидаги хабарларни текшираётганликларини билдирганлар.

Оқ Уйда уюштирилган матбуот анжуманида айтилишича, Сурия элчихонаси ходимлари АҚШда рўй бераётган тинч намойиш қатнашчиларини видео ё фототасвирга олаётганлари ҳақида хабарлар олинган.

"АҚШ ҳукумати мамлакатда бўлган ва сўз эркинлиги ҳуқуқини амалда тадбиқ қилмоқчи бўлган ҳар қандай кимсага нисбатан пўписа қилувчи ҳаракатлар ҳақидаги хавотирларни жуда жиддий қабул қилади", деди Оқ Уй вакили.

Айни вақтда АҚШ Сурия расмийларининг Дамашқдаги Америка элчиси Ҳама шаҳридаги норозиликларни қўллагани ҳақидаги даъволарини рад этган.

АҚШ Давлат Департаментига кўра, элчи Роберт Форд Ҳама шаҳрига Сурия халқига бирдамлик изҳор этиш учун борган ва у учрашган намойишчиларнинг ҳаммаси тинч ва дўстона кайфиятда бўлганлар.

Сурия Ички Ишлар вазирилигига кўра, АҚШ элчиси "қўпорувчилар билан учрашган, уларни диалогдан воз кечиш ва зўравонликка қўл уришларига ундаган."

Пайшанба куни АҚШ элчиси Франса элчиси билан бирга Ҳама шаҳрига сафар қилишганди. Лекин улар жума кунги кенг норозилик намойиш бошланмасдан шаҳарни тарк этганлар.

Ҳама шаҳрида 1982 йили ҳам кенг норозиликлар рўй бериб, собиқ президенти Ҳофиз ал-Асаднинг буйруғи билан куч билан бостирилганди. Оқибатда 10 мингга яқин одам ҳалок бўлган.

Сурияда аксилҳукумат намойишлари март ойининг ўрталаридан бери давом этиб келмоқда.