Афғонистонда ўғирлаб кетилган мина тозаловчилар жасадлари топилган

Афғонистондаги расмийларга кўра, ўтган ҳафта ўғирлаб кетилган 6 нафар афғон мина тозаловчининг жасадлари топилган.

Улар ғарбий Фараҳ вилоятида қўлга олинган гуруҳ орасида бўлишган. 30 нафарча экани айтилаётган ушбу одамларнинг ҳали биронталари ҳам қўйиб юборилмаган.

Ҳодисаларнинг бошқа бир ривожида жанубдаги Қандаҳор шаҳрида уч афғон полиция ходими йўл четида юз берган бомба портлашида нобуд бўлган.

Ўлим ҳоллари шанба куни икки Америка аскарининг Афғонистон жосуслик хизмати зобити томонидан ўлдирилиши ортидан кузатилган.

Одам ўғирлаш

Қатор мина тозаловчиларнинг жасадлари топилгани ҳақида афғон полицияси расмийлари хабар қилишган.

Улар 6 июл куни ўғирлаб кетилганди. Ҳодиса ортида Толибон тургани даъво қилинган. Бироқ, толиблар воизи улар бунга бош қўшишмагани, мина тозаловчиларни ўғирлаш қуролли ўғриларнинг иши эканини айтган.

Яқин йиллар асносида Афғонистонда ўнлаб афғонлар ва хорижликлар ўғирлаб кетилган, аммо уларнинг аксари пул ва ё маҳбус алмашувга оид келишув билан қўйиб юборилган. Полицияга ҳужум Афғонистон жанубида юз берган бомба портлаши ва исёнкорлар ҳужумида икки нафар хорижлик аскар ўлдирилган. НАТО етакчилигидаги АЙЭСАФ - Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари якшанба куни учинчи аскарлари мамлакат шарқида ҳалок этилганини маълум қилишган.

АЙЭСАФ ҳодисага боғлиқ бошқа тафсилотлар, жумладан аскарнинг қаердан эканини ошкор қилмаган.

Қандаҳор шаҳрида полиция автомашинаси йўл четида кўмиб кетилган бомбага дуч келган. Қандаҳор вилояти полицияси бошлиғи Абдул Розиққа кўра, ҳодисада уч полиция зобити ва уч фуқаро ҳалок бўлган.

Шанба куни икки АҚШ аскарнинг афғон жосуслик хизмати зобити тарафидан ўлдирилиши ўзаро келишмовчилик ортидан юз берганига ишонилади.

Ўтмишда ҳам афғон аскарлари НАТО етакчилигидаги қўшинларни нишонга олиш ҳоллари кузатилган.