Сурияда мухолифат билан 'миллий мулоқот' бошланди

Сурияда намойишлар
Image caption Сурияда норозилик намойишлари март ойи ўрталарида бошланиб кетганди

Дамашқдаги йиғинни очаркан, Сурия вице-президенти Фаруқ ал-Шараа мамлакат ва ниҳоят кўппартиявийликка асосланган демократик давлатга айланишига умид билдирган.

Йиғин Баас партияси аъзолари, унга мухолифлар, шу билан бирга, академиклар, ёш фаоллар ва санъат арбоблари иштирокида ўтмоқда. Улар бир неча ойдан бери давом этаётган нотинчликларга барҳам бериш йўлларини мубоҳаса этишмоқда.

Бироқ, Сурия ичкарисидаги ва хориждаги етакчи мухолиф шахслар йиғинни бойкот қилишган. Улар шу қадар катта сондаги намойишчилар ўлдирилаётган бир пайтда музокаралар олиб бориш мумкин эмаслигини айтишган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳисоб-китобларига кўра, ҳукумат намойишларни бостиришга уринаркан, 2 мингга яқин инсон ўлдирилган. Улардан 350га яқини хавфсизлик хизмати ходимлари экани айтилади.

Расмий Дамашқ март ойи ўрталарида бошланган нотинчликларда "қуролли жиноий тўдалар"ни айблаганди. Норозилик намойишлари Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг бошқа қатор давлатларида қатори Сурияга ҳам ёйилган.

Давлат матбуоти бугун бошланган илк "миллий мулоқот" икки кун давом этишини билдирди. Бугунги йиғин иштирокчиларидан айримларни ҳукуматни танқид қилишган ва улардан бири намойишчиларни нишонга олишни бас қилишга чақирган.

ББС мухбирига кўра, ҳозир ҳукумат мухолифат талаб қилаётган масалалар юзасидан музокара олиб боришга майл билдирмоқда.

Президент Башар ал Асад ўтган ой илк бор мулоқотлар ҳақида эълон қилганида, Сурия халқи юз тутаётган турли муаммоларга ечим топиши мумкин бўлган кенг қамровли жараённи исташини айтганди.

"Миллий мулоқот қанчалар ишонч қозониши унда қайси мухолифат вакиллари иштирок этишига боғлиқ", деган эди Би-би-сининг Байрутдаги мухбири.

Халқаро журналистларнинг Сурияга киришларига рухсат берилмаган.

Аксил-ҳукумат норозиликлари ташкилотчилари икки кун олдин намойишчиларга мулоқотларга қарши шиорни тарқатишганди.