Афғонистон президентининг укаси ўлдирилган

Image caption Аҳмад Вали Карзай мубоҳасали сиёсатчи эди

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзайнинг укаси Аҳмад Вали Карзай ўзига қарши уюштирилган ҳужумда ўлдирилган.

Бу ҳақида Президент Карзайнинг воизи Вохид Умар Би-би-сига маълум қилди.

Хабарларга кўра, Аҳмад Вали Карзай мамлакат жанубидаги Қандаҳор вилоятида жойлашган уйида ўз қўриқчиси томонидан отиб ўлдирилган.

Аҳмад Вали Карзай Қандаҳор Вилояти Кенгашининг раиси эди.

Пуштун ҳуқуқларининг ҳимоячиси деб кўрилган Аҳмад Вали Карзай Афғонистон сиёсатиаги мубоҳасали сиёсатчилардан ҳисобланган.

Танқидчилар уни коррупцияга ботган дала қўмондони дея қоралашади.

New York Times 2009 йил октябрида чоп қилган мақоласида ўтган тўққиз йил давомида АҚШнинг Марказий Жосуслик Агентлиги унга пул тўлаб келганини даъво қилган.

Газета, шунингдек, Аҳмад Вали Карзай ўз жангарилари билан МЖА тўловлари ёрдамида Қандаҳор атрофидаги Толибонга қарши ҳужумлар уюштирганини ёзган.

Аҳмад Вали Карзай ўз жонига уюштирилган суиқасд ҳаракатларидан аввал бир неча бор омон қолганди. Энг сўнгги суиқасд амали 2009 йилда қилинганди.