Усама бин Лодинни сохта эмловчи шифокорлар билан қўлга олишга интилганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Лондонда чоп этиладиган Guardian рўзномаси ёзишича, АҚШ Марказий Жосуслик бошқармаси полимиелитга қарши эмлаш ишлари билан шуғулланаётган шифокорлар кўринишида Усама бин Лодиннинг қаердалигини аниқлашга уринган.

Рўзномадаги мақолага кўра, Марказий Жосуслик бошқармаси ходимлари Абботободда сохта эмлаш амалиётларини ўтказиш учун покистонлик шифокорни ёллаганлар.

Мақсад, Усама бин Лодин оиласи аъзоларининг ДНКлари намуналарини қўлга киритиш бўлган.

Усама бин Лодин май ойида ўлдирилганидан кейин бу шифокорнинг ҳибсга олингани хабар қилинади. Пойтахт Исломободга яқин шаҳарда "Ал-Қоида" раҳбарининг АҚШ махсус кучлари томонидан ўлдирилгани Америка билан Покистондаги муносабатлар таранглашишига олиб келган, покистонлик шифокор ёллангани борасидаги хабарлар юзасидан Марказий Жосуслик бошқармаси шарҳ беришдан бош тортган.

Guardian мақоласида ёзилишича, Усама бин Лодин ўлдирилган рейдга тайёргарлик амалларининг таркиби сифатида МЖБ шифокор Шакил Афридини ёллаган. "МЖБ бин Лодин ДНКсини қўлга киритишга муваффақ бўлган-бўлмгани номаълум, манбалардан бири айтишича, амалиёт муваффақиятга эришмаган", деб ёзади Британ рўзномаси.

Би-би-сининг Урду хизмати Покистон армиясидаги номини ошкор этишни истамаган манба билан гаплашган, унинг айтишича, бин Лодин қароргоҳида болалар ўртасида полимиелитга қарши амалиётга рухсат берган тиббиёт мулозими рейддан кейин ҳибсга олинган.

Би-би-си Урду хизматининг ҳарбий манбадан иқтибос келтиришича, Усама бин Лодин яшаган ҳовлидаги болаларга полимиелитга қарши вакцина томчиларини томизиш керак, дейилганида ҳовлидан бир неча бола чиқиб келган.

Тиббиёт мулозимининг терговчиларга айтишича, бу болалар ҳам, уларни чикаридан олиб чиққан аёл ҳам Пашту тилида эркин гапирганлар, бироқ аёлнинг юзи ёпиқлиги учун унинг юзини кўра олмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Покистон ҳарбий манбаси сўзларига кўра, ҳибсга олинган шифокор ҳамон ҳибсда, аммо у Америка жосуслик агентлари билан ҳамкорликда гумон этилаётгани йўқ.

Би-би-сига маълум бўлишича, Guardian рўзномаси Шакил Африди деб атаган доктор икки тиббиёт ходимини полимиелитга қарши эмлаш ишлари учун ёллаган ва улардан бири Усама бин Лодин яшаган ҳовлига киришга муваффақ бўлган.

Бин Лодин ҳовлисига кирган ходимни шундан кейин топишнинг имкони бўлмаган, у ДНК намуналарини қўлга кирита олганми-йўқми, маълум эмас.

Бу борада Покистон расмийлари шарҳа берганлари йўқ.

Guardian рўзномасининг ёзишича, эмлаш "лойиҳаси" ҳақиқий кўриниши учун бошида Абботободнинг камбағал мавзеларидан бошланган.

Мақолага кўра, Марказий Жосуслик бошқармаси Усама бин Лодиннинг курьери Абботободга бошқа жойларга қараганда кўпроқ боришини аниқлаганидан кейин "эмлаш амалиёти"ни бошлаган. Бин Лодин яшаган ҳовлига ҳужум бошлашдан олдин америкалик мулозимлар унинг ДНК намунасини қўлга киритиш ва уни Усама бин Лодин синглисининг намунаси билан солиштириб кўрмоқчи бўлганлар.

Image caption Усама бин Лодин ўлдирилганидан бир неча ҳафта ўтиб, Покистон расмийлари Абботободдаги МЖБ агентини ҳибсга олган.

New York Times рўзномаси ҳам ушбу мавзуда мақола эълон қилган, унда номи ошкор этилмаган АҚШ мулозими айтишича, МЖБ Усама бин Лодиннинг қаерда яширинаётганини аниқлашга жон-жаҳди билан уринган ва эмлаш ҳаракатидан бир ўлжа сифатида фойдаланилган. Абботободдаги дўкондорлардан бирининг Би-би-сига айтишича, бин Лодин яшаган жойга эмловчилар гуруҳи унинг ҳовлисига рейд уюштирилишидан бир ёки икки ҳафта илгари келганлар.

Дўкондор сўзларига кўра, эмловчилар бу ҳудудларда яшаётган "фақат афғонларни эмлаймиз ва хасталик бор-йўқлигини аниқлаш учун қон намуналарини оламиз", деб айтганлар. Усама бин Лодин ўлдирилганидан кейин унинг уч рафиқаси ва бир неча фарзанди Покистон расмийлари томонидан ушлаб турилиптилар.

Хабарларга кўра, улар "Ал-Қоида" раҳбарининг фаолияти ҳақида, шунингдек, АҚШ махсус кучларининг Усама бин Лодинни қандай ўлдирганлари ҳақида жуда муҳим маълумотларни берганлар.

Усама бин Лодин қарийб 3000 киши ҳалок бўлган 2001 йил 11 сентябрдаги Нью-Йорк ва Вашингтонга ҳужумларни уюштирган.

Унинг боши учун Америка 25 миллион доллар ваъда қилганига қарамасдан, қарийб 10 йил давомида у тутқич бермаган.