Путинни мукофотлаш қарори Олмонияда можарога сабаб бўлди

"Квадрига" Берлиндаги Бранденбург дарвозаси устида ўрнатилган ҳайкал номи билан аталган
Image caption "Квадрига" Берлиндаги Бранденбург дарвозаси устида ўрнатилган ҳайкал номи билан аталган

Қатор олмониялик сиёсатчилар мамлакатнинг энг нуфузли мукофотларидан бири ҳисобланган "Квадрига" билан Россия Бош вазири Владимир Путинни тақдирлаш қарорини танқид қилмоқдалар.

Танқидчиларга кўра, "Квадрига" мукофоти коммунистик тузум қулаганидан кейинги икки Олмония бирлашуви муносабати таъсис этилган муносабат ва бу мукофот билан демократия ва инсон ҳуқуқлари тараққиётига ҳисса қўшган инсонлар тақдирланиши керак.

Владимир Путин эса бунинг айнан тескарисини қилган, демоқдалар танқидчилар.

"Квадрига" мукофоти мустақил қўмитаси қарорига кўра, Владимир Путин "Совуқ уруш" тугаганидан кейин Россия билан Олмония муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун танланган.

Бу мукофот билан "кашшофлик руҳига эга" ҳамда "ижтимоий фаровонлик" интилган етук сиёсатчилар, иқтисодиёт ва маданият намояндаларини тақдирлаш мўлжалланган.

"Квадрига" Берлиндаги Бранденбург дарвозаси устида ўрнатилган ҳайкал номи билан аталган ва унда аравага қўшилган тўрт от акс этган.

Мукофотни топшириш маросими икки Олмония бирлашган кун - 3 октябрда ўтказилади, "Квадрига" мукофоти соҳибига 100 минг евро ҳам топширилади.

Бундан олдин "Квадрига" мукофоти билан Олмониянинг собиқ канцлерлари Ҳелмут Кол, Герхард Шрёдер, собиқ СССР президенти Михаил Горбачёв, Чехословакия собиқ президенти Вацлав Ҳавел, Оврўпо Комиссияси раиси Жозе Манэл Баррозо тақдирланганлар.