Бир қирғизистонлик Чеченистон президентига ўтов совға қилмоқчи

Пойтахт Бишкекдаги мактаблардан бирининг раҳбари Бейшембек Жумашалиев Чеченистон Президенти Рамзан Қодировга ўтов совға қилмоқчи.

Аён бўлишича, бундан бир неча ой бурун Бейшембек Жумашалиев туш кўради.

Тушида Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров билан баланд тоғ тепасида гаплашиб турган эмиш.

Жаноб Жумашалиев Чеченистондаги президентлик сайловларидан бор-йўғи икки кун бурун кўрган тушини Рамзан Қодировнинг ғалабасига йўяди.

Ўзининг айтишича, кўрган тушларига ниҳоятда ишонади.

Энг қизиғи, айнан Чеченистондаги президентлик сайловлари куни Бейшембек ота ўғил набирали бўлади. Ва унинг исмини ҳам Рамзан, деб қўйишга қарор қилишади.

Қувончи ичига сиғмаган бобо кўрган тушию туғилган набираси ҳақида президент Рамзан Қодировга мактуб ёзишга қарор қилади.

Кутилмаганда, Бейшембек отани хурсанд қилиб, Чеченистон президентидан ҳам жавоб келиб қолади.

Рамзан Қодиров ўз мактубида қирғизистонлик отахонни Чеченистонга меҳмонга таклиф этади.

Меҳмонга эса, қуруқ қўл билан бориб бўлмайди.

Шу боис, Бейшембек ота Чеченистон президентига хон ўтов совға қилишга қарор қилади.

Бу каби ўтовнинг баҳоси эса, 20.000 АҚШ долларидан ортиқроқ туриши айтилади.

Қирғизистондан олинган сўнгги хабарларга кўра, кеча чоршанба куни пойтахт Бишкекда ана шу ўтов кенг оммага намойиш ҳам этилибди.

Ушбу маросимда эса, Қирғизистон обмудсмени Турсунбек Акун ва қирғиз ҳукумати вакили Молдокун Абдилдаевлар ҳам иштирок этишибди.

Кенг доирада олинган қарорга мувофиқ, хон ўтовни Бейшембек ота ўз оила аъзолари билан бирга Чеченистонга олиб борадиган бўлибди.

Аммо Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигидан ҳам бир вакил ҳамроҳлик қилиши айтилибди.

Аён бўлишича, Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев ҳам ўз совғасини қўшиб юборадиган бўлибди.

Қирғизистонлик масъулларга кўра, хон ўтов икки қардош халқрлар орасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.