Сўров: Сизга қай бир ҳукумат вазирининг фаолияти ёқмайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Россияда ўтказилган сўнгги сўров натижаларидан аён бўлишича, бирор бир вазир Россия аҳолисининг буткул ишончига лойиқ эмас.

Бу хусусдаги сўров Бутунроссия омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган.

Сўров иштирокчиларидан қай бир вазирнинг фаолиятини ижобий, қай бирининг фаолиятини салбий баҳолашлари сўралган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси таркибида ким ишлаш, ишламаслигидан бохабар эканликлари ёки йўқлиги билан ҳам қизиқилган.

Сўров натижаларидан аён бўлишича, Россия Маориф ва Илм-фан вазири Андрей Фурсенко одамлар фаолиятидан энг норози вазир бўлиб чиққан.

Россияликларнинг 50 фоизи унинг фаолиятидан қониқмасликларини айтишган.

Аҳоли фаолиятларидан мамнун эмасликларини билдирган вазирлар рўйхатида кейинги ўринларни Ижтимоий тараққиёт ва Соғлиқни сақлаш ҳамда Молия вазирлари бўлиб чиқишган.

Россиялик экспертларга кўра, сўнгги сўров натижалари мамлакат аҳолисининг бу уч вазир фаолиятидан буткул норози эканликларини кўрсатади.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, бирор бир вазир Россия аҳолисининг буткул ишончига лойиқ эмас.

Россияликлар фаолиятидан энг мамнун вазир бўлиб, 72 фоизлик кўрсаткич билан мамлакат Фавқулодда Ҳолатлар бўйича вазири Сергей Шойгу бўлиб чиққан.

Сўров натижаларидан россияликларнинг кўплаб ҳукумат вакилларининг ким эканликларидан бехабар эканликлари ҳам аён бўлган.

Мутахассисларга кўра, Оврўпо давлатларида ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган бу каби ҳолат ниҳоятда кулгулидир.

Сўровда жаъми 25 вазир ҳақида сўз борган. Аммо уларнинг сирасига Россия Бош вазири Владимир Путин киритилмаган.

Янги сўров Россиянинг 46 минтақасида олиб борилган.

Сўровнинг аҳамияти

Ўзбекистонлик эксперт Суҳроб Исмоилов, “бу каби сўровлар ҳаққоний ўтказилган бўлса, жамиятдаги ҳукмрон кайфиятлар ҳақида кўп нарсани айтиб бериши мумкин”, дейди.

“Ҳар қанақанги жамиятда ҳам – хоҳ у очиқ, хоҳ ёпиқ, нодемократик жамият бўлсин, барибир, ўша мамлакатни бошқаришнинг турли хил йўналишлари учун жавобгар бўлган шахсларнинг роли катта бўлади. Шунинг учун, бу каби сўров объектив тарзда ўтказиладиган бўлса, биз улар олиб борилган турли хил аҳоли гуруҳлари орасидаги бошқарувчи шахсларнинг ижтимоий рейтингини шу орқали билиб олишимиз мумкин”.

Унга кўра, бу каби сўровномаларнинг натижалари омма орасида қанчалик кенг тарқатилса, аҳолига ўзининг фикрларини норасмий йўл билан бўлса ҳам, ижтимоий рейтинг сифатида белгилаб беришга имконият берилади.

“Бу эса, аҳолининг орасида норозилик кайфиятларини анчагина пасайтиришга хизмат қилиши мумкин. Чунки бунинг натижасида аҳолида қониқиш ҳисси пайдо бўлади”, дейди эксперт.

Ўз ўрнида, Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, агар ҳукмдор шахсларда ана шу ижтимоий рейтингни ҳаққоний натижаларга олиб келувчи баҳо сифатида қабул қилиш иштиёқи бўлса, улар мана шунга қараб, ўзларининг фаолиятларидаги бирор бир камчиликни тузатиб олишга ҳаракат қилишлари мумкин. Ёки ҳеч бўлмаса, қайси бир тарафдан ижтимоий рейтинглари пасайиб кетаётганига эътибор қаратишади.

Нега бу каби сўровларнинг Ўзбекистонда деярли кўзга ташланмаслиги сабабини эса, “Эксперт” ишчи гуруҳи раҳбари мамлакатда ижтимоий фикрнинг ҳам давлат томонидан ғоятда кучли бошқарилиши кузатилиши билан изоҳлайди.

“Чунки ҳукумат ижтимоий фикр қаёққа бурилишига қараб, халқни шунчалик осон ёки қийинроқ бошқариш мумкинлигини яхшигина билади. Ва айни шу мақсадда ҳукумат томонидан молиялаштириладиган бир қанча ижтимоий фикрни шакллантирадиган марказлар ишлаяпти. Уларнинг ҳам асосий вазифаларидан бири – халқнинг орасида ҳукумат тепасидагиларга мос, уларни қониқтирадиган бир ижтимоий фикрни яратишга хизмат қилиш”.

Суҳроб Исмоиловга кўра, Ўзбекистонда ҳукумат бошқарилиши жуда марказлаштирилгани боис, давлатнинг у ёки бу дастурлари белгиланаётганида, айниқса, аҳолига тегишли ижтимоий, иқтисодий соҳадаги дастурлар ишлаб чиқилаётганида, аҳоли фикрининг инобатга олиниши жуда ҳам паст:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди