"Ливия исёнчилари оддий фуқароларни таҳқирламоқда" - HRW

Image caption Исёнчилар ўзлари эгаллаган ҳудудларда оддий аҳолини талаётгани иддао қилинади

Human Rights Watch инсон ҳақлари ташкилоти Ливиядаги исёнчиларни оддий фуқароларни талаш, уйларига ўт қўйиш ва таҳқирлашда айблаган.

Нью Йоркда жойлашган бу гуруҳнинг кузатувчилари бундай ҳолларга ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишгани ва исёнчилар эгаллаган ҳудудлардаги гувоҳлар билан суҳбатлар ўтказишганини айтишмоқда.

Мухбирларга саволларига жавоб берган Ливия исёнчиларининг Брюсселдаги воизи барча иддаоларни рад қилди.

Феврал ойида Полковник Муаммар Қаддофийга қарши исён кўтарилганидан бери икки тарафда ҳам инсон ҳуқуқларининг бузилгани борасида хабарлар тарқаган.

Охирги айбловлар Ливия ғарбида ўтган ой исёнчилар қўлига ўтган шаҳарлар: ал Авания, Раяина, Завият ал Багул ва ал Қавалишда юзага келган.

"Исёнчиларнинг ўзларини қандай тутганлари одамни безовта қилди," деди Human Rights Watch гуруҳининг маслаҳатчиси Фред Абраҳамс.

"Биз уйлар ва дўконларнинг кенг кўламда талон-тарож қилиниши, Қаддофийни дастаклашда шубҳа қилинган одамларнинг уйлари ёндирилгани, ва энг хавотирлиси - уч тиббий клиника ва кичик касалхоналарнинг таланиб, тиббий жиҳозлари ўғирланишини ҳужжатлаштирдик."

Унинг айтишича, Ливия ҳукумати бундан ҳам жиддийроқ жиноятларни амалга оширган, лекин бу билан исёнчиларнинг қилмишларини оқлаб бўлмайди.

"Бизнинг мақсадимиз - ҳукумат ё исёнчилар бўлишидан қатъий назар, барча жангчилар ва ҳарбийларнинг бир ҳил андозаларга биноан амал қилишларини истаймиз. Исёнчилар янги ҳудудларни эгаллашмоқда, ва улар бу янги ҳудудларда оддий аҳолига қандай муносабат қилишларидан биз чуқур хавотирдамиз," деди Human Rights Watch маслаҳатчиси.