Мумбайдаги учта портлаш ортидан ҳинд шаҳарлари хушёр тортган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Мумбайликлар уч йил аввалги йирик ҳужумларни ҳали унутиб улгурмаганлар

Учта портлаш Мумбай тижорий марказини титратиб, 18 одамни ўлдириши ортидан Ҳиндистон шаҳарлари ўта хушёр тортган.

Ҳиндистон Бош Вазири Манмуҳан Сингх Мумбай аҳолисига мурожаат қилиб, "тинчланиш ва бирдамликни намойиш қилиш"га чақирган.

Чоршанба куни кечқурун Мумбайнинг уч туманида юз берган портлашлар учун ҳеч қандай гуруҳ жавобгарликни ўз бўйнига олгани йўқ.

Бу ҳужумлар 2008 нобярида Мумбайда юз берган ҳужумларда бери энг ҳалокатлиси бўлмоқда. У ҳужумлар уч кун давом этиб, 165 киши қуролли кишилар қўлида нобуд бўлганди.

2008 йилги ҳужумларни Покистонда жойлашган жангарилар амалга оширганликда айбланишган. Расмий Исломобод Мумбайдаги охирги ҳужумларни зудлик билан қоралади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам ҳужумни қоралади, ва уни "жирканч" дея тасвирлаб, "терроризмнинг барча турларига қарши курашиш"ини билдирди.

Жавобгар ким?

Ҳиндистон Ички Ишлар Вазири Пи Чидамбарам портлашлар бир-биридан бир неча дақиқа фарқ билан юз бергани туфайли "террорчилар томонидан яхши мувофиқлаштирилган" эканига ишонишини билдирди.

Бироқ, у ҳужумлар ортида ким тургани борасида фикр юритишга жуда эрта эканини айтди.

"Бу каби ҳужумларни амалга оширишга қодир бўлган ҳар қандай гуруҳ гумон қилинади. Буни ҳар томонлама тергов қиламиз ва ҳар қандай шубҳали жиҳатни текширамиз," деди у мухбирлар билан суҳбатда.

Жаноб Чидамбарам охирги ҳужумлар борасида аввалдан ҳеч қандай жосуслик маълумоти олинмагани ва бу ҳужумчилар "жуда яширин ҳолда ишлаган ва бир-бири билан мулоқот қилмаган жуда кичик гуруҳ" бўлиши мумкинлигига ишора қилди.

Учта бомба маҳаллий вақт билан 18:50да бошланиб, 15 дақиқа ичида содир бўлгани хабар қилинади.

Энг йириги қимматбаҳо тақинчоқлар савдогарлари амал қиладиган Опера Хаус бизнес мавзесида юз берган.

"Биз ташқарига чиқсак, ҳаммаёқни қора тутун қоплаганди. Кўчаларда одамларнинг жасадлари сочилиб ётганди, қонга беланган... Биз оёқ ё қўллари узилиб кетган жасадларни кўрдик," деди Аагам Доши исмли гувоҳ.

Иккинчи портлаш шаҳар марказидаги олтин бозори билан танилган Дадар туманида, учинчиси эса Завери Бозор ҳудудида юз берган.

Жаноб Чидамбарам биронта ҳам бомба узоқдан назорат этилмаганини билдирди.

Пойтахт Деҳли, Калкутта ва бошқа қатор шаҳарларда полиция хушёр тортган. Савдо марказлари, кинотеартлар, парклар ва нақлиёт терминалларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.