Афғонистондаги портлашда оддий инсонлар нобуд бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Афғонистон ҳукумати расмийларига кўра, мамлакат жанубидаги йўл четида портлаган бомба 5 кишининг умрига зомин бўлган.

Ҳаётдан кўз юмганлар орасида икки нафар бола ҳам борлиги айтилади. Уларнинг барчалари кичик автобусда кетаётган йўловчилар бўлишган.

Портлаш Ҳелманд вилоятининг Сангин туманида юз берган.

Ҳужумни ким уюштиргани маълум эмас, аммо Покистон чегарасидаги ҳудуд Толибон ва "Ал Қоида" жангарилари таянч нуқтаси ҳисобланади.

Ҳелманд вилояти ҳокимлиги воизи Довуд Аҳмадий матбуот агентликларидан бирига миниавтобус "Толибон ўрнатган мина"га дуч келганини айтган.

Мухбирларга кўра, йўллар Афғонистондаги урушда жабҳа чизиғига айланиб бормоқда.

Оддий одамлар ва ҳарбийлар орасидан берилаётган талофатлар сони кейинги ўн йил асносидаги энг юқори даражасига чиққан. Ўтган йил 2,400 инсон нобуд бўлган. Аксар одамлар йўл четида кўмиб кетилган бомбаларнинг портлаши оқибатида ҳаётдан кўз юмишган.

Ҳафта бошларида БМТ жорий йил Афғонистондаги зўравонликлардан нобуд бўлаётганлар сони 15 фоизга ошганини айтганди.