Мисрда намойишчиларнинг ўлими билан боғлиқликда яна 700 полициячи ишдан олинади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Намойишчилар порахўр мулозимлар ва қотил полициячилар маҳкамага тортилишини исташади

Мисрда шу йил бошида юзага келган инқилобда намойишчиларнинг ўлдирилиши туфайли 700га яқин юқори мартабали полиция зобитлари ишларидан четлатилмоқда.

Ички Ишлар Вазири Мансур Эссавийнинг айтишича, 505 генерал ва 164 зобит 1 августдан ишларидан олинади.

Мухбиримизга кўра, мазкур қарор Қоҳиранинг Таҳрир майдонида полиция зобитлари ва Муборак давридаги порахўр мулозимларни тезроқ маҳкамага тортилиши талаби билан давом этаётган намойишлар таъсирида олинган бўлиши мумкин.

Таҳрир майдонидаги намойишлар олтинчи кундирки давом этар экан, Президент Муборак даврида ўз шафқатсизлиги билан яхши танилган идора "тарихдаги энг катта кадрлар алмашинувини" эълон қилди.

Миср телевидениеси хабар қилишича, ишдан олинадиган зобитларнинг 37 нафари намойишчиларни ўлдириш айби билан жиноий жавобгарликка тортилади.

Президент Ҳусни Муборакни ағдариш мақсади билан 11 февралда бошланган намойишлар 18 кун давом этар экан, 800 нафар намойишчи ўлдирилган.

Мазкур қарор Миср Бош Вазири Эссам Шараф учун ғалаба дея кўрилмоқда, чунки аввалроқ у қабул қилган ўхшаш қарор ички ишлар вазири томонидан тўсиб қўйилганди.

Ҳарбий ҳукумат, шунингдек, сентябр ойига мўлжалланган сайловлар кечиктирилишини билдирган.

"Парламент сайловлари октябр ё ноябрда бўлиб ўтишига келишилди," деб айтган Миср муваққат ҳарбий кенгаши расмийси Мена давлат хабар агентлигига.

Мисрнинг кўп янги партиялари сайловларнинг кечиктирилишини сўрашган. Улар каттароқ ва бақувватроқ партиялар, хусусан Мусулмон Биродарлар мухолиф гуруҳлари билан сайловда рақобат қилиш учун яхшироқ тайёрланишни истайдилар.

Сешанба куни ҳарбий ҳукумат янги Миср конституциясини ёзиш бўйича 100та аъзолик кенгашни тузиш йўл-йўриқларини тайёрлашини билдирди.